ПОЧЧАЖОН – ПОЧЧА

Обод маҳалламизда
Бир ўспирин яшарди.
Бўлсаям сочи қисқа,
Мажнун диб ўйлашарди.
Тап тортмайин бизлар ҳам
Куйдирардик баралла:
— Воҳ, поччажон, поччам
Шкалад олиб бералла…

Бир кун опам олдида
Кўриб қолдик уни лол,
Ҳазил ўтиб жонидан,
Арз қилгандир, эҳтимол.
Куйлайверардик биз ҳуррам,
Эшитсин деб маҳалла:
— Оҳ, поччажон, поччам
Капалак тутиб бералла…

Эҳ, бечора капалак,
Бахт сенга тушов бўлди.
Охир опам келинчак,
У йигит куёв бўлди.
Бошланди уйда байрам,
Янграб «Ёр-ёр» ва ялла.
— Ҳой поччажон, дейман,
Тегманг, опам чин тилла!

Кетаверди опам шод,
Юр, деса у бераҳм.
Ҳар кун тонгда этиб ёд,
Дув тўкилар юрагим.
Тўлғонаман худи сой,
Йўлга чиқиб шу палла:
— Соғиндим-ку, поччавой,
Опам қачон келалла?

… Опам келди гул бўлиб…
… Биз ҳам бориб турамиз.
Муҳаббати мўл бўлиб,
Гир айланар куррамиз
Бир вақт синглимга боқсам,
Ўйнар,
куйлаб баралла:
— Воҳ, поччажон, поччам
Шкалад олиб бералла!

1981

Добавить комментарий