АЁЛЛАР

Камгапми, сергапми —
аёл яхшидир,
Беғамми, сергакми —
аёл яхшидир,
Бўштобми, пишиқми —
аёл яхшидир,
Аччиқми, чучукми —
аёл яхшидир.
Бўгилманг «ошириб юборди, деб сал»
Мақтовнинг озидан кўпроғи афзал.

Саҳрога ўхшагай
аёлсиз дунё,
Қуригай қақшагай
аёлсиз дунё,
Туюлгай ғалати
аёлсиз дунё,
Чунки жиим қолади
аёлсиз дунё,
Эрлар кўтаролмас сукунат юкин,
Эсидан адашиб қолиши мумкин.

Қувончлар шимириб
яшасин аёл.
Тиниқиб, семириб
яшасин аёл.
Офтобдай юксагда
яшасин аёл.
Биз қурбон бўлсак-да:
«Яшасин Аёл!»
Эҳтимол сўрарсиз: «Эркак чи, эркак?»
Бу ҳақда ўйлаши керак.

Добавить комментарий