Шеърлар

АВЖЛИГИМ – СЕН…

Эй, ҳаёт, эй боғбон,
Сенга биз бир меҳмон.
Давлатинг кам бўлмас
Айласанг бахт эҳсон.
Тотлигим – сен, орзу,
Шодлигим – сен, орзу.

Чашмажон, эй чашма,
Шошма, жоним, шошма.
Ўтмасин бу боғдан
Тоза диллар ташна.
Мавжлигим – сен, орзу,
Авжлигим – сен, орзу.

Куйла, ён, эй кўнглим,
Эт баён, эй кўнглим,
Бахт оғам бўлгайму,
Бахт бўлурми синглим?!
Илдизим – сен, орзу,
Юлдузим – сен, орзу.

Ҳар нафас соз бўлсин,
Меҳру ихлос бўлсин.
Кўзни тарк айлаб дард,
Ишваю ноз бўлсин.
Созлигим – сен, орзу,
Ростлигим – сен, орзу.

1997

А Ё Л Л А Р

Камгапми, сергапми – аёл яхшидир.
Беғамми, сергакми – аёл яхшидир.
Бўштобми, пишиқми – аёл яхшидир.
Аччиқми, чучукми – аёл яхшидир.

Бўғилманг «Ошириб юборди, деб, сал»,
Мақтовнинг озидан кўпроғи афзал.

Саҳрога ўхшагай аёлсиз дунё,
Қуригай, қақшагай ёлсиз дунё.
Туюлгай ғалати аёлсиз дунё.
Чунки жим қолади аёлсиз дунё.

Эрлар кўтаролмай сукунат юкин,
Эсини йўқотиб қўйиши мумкин.

Қувончлар шимириб яшасин аёл.
Тиниқиб, семириб яшасин аёл.
Офтобдай юксакда яшасин аёл.
Биз қурбон бўлсак-да, яшасин аёл.

Эҳтимол сўрарсиз: «Эркак-чи, эркак?»,
Бу ҳақда аёллар ўйлаши керак.

1978

АЗИЗ ВАТАН

Азиз Ватан,
Иқбол ватани,
Қадди баланд,
Қадри баландим,
Юрагимга жо этиб сени,
Қучоғингда нурга беландим.
Кўп нарсани севамиз. Аммо
Ватан меҳри баридан юксак.
Ўзга юртлар гулидан аъло
Ўз далангда жилмайган кўсак.
“Ватан” десак кўксингга иниб,
Жондай илиқ туюлар тупроқ.
Шу тупроқда улғайиб-униб,
Шу тупроққа тўкилар япроқ.
Ватан деган унвон тупроққа
Бахш этилар Инсон туфайли.
Ватанидан кетса йироққа,
Инсоннинг ҳам умри тугайди.
Тирқирайди одамзод тошдек,
Ер сопқондай айланса йўртиб.
Ватан сергак яшар қуёшдек,
Фарзандларин бағрига тортиб.
Гоҳ қулоқни этса ҳамки кар
Замбаракнинг совуқ наъраси,
Озод тепиб тураркан қалблар,
Сўнмас сира ҳаёт нафаси.
Миннатдорман бахтим қушидан:
Кўзларимга қўндирмас ғубор
Истиқболнинг жилмайишидан
Равшан тортган азамат диёр.
Шу сабабли мангу сен билан
Томирдошдир бўғину бандим,
Азиз Ватан,
Ягона Ватан,
Қадди баланд,
Қадри баландим.

1972

АЗИМ ТОШКЕНТ

Азиз шаҳрим, нуронийсиз,
Қуёш қучган Туронийсиз.
Кулиб боқсак, зиё сочган,
Қанот қоқсак, бўронлисиз.
Бўлайлик жўр: — Салом, Тошкент,
Менинг боғбон бобом Тошкент!

Жаҳон ичра салобатли,
Йўлингиз бор адолатли.
Ўғил-қизлар қилиб хизмат,
Яшанг доим саодатли.
Ҳаловатли уйим Тошкент,
Тароватли бувим Тошкент.

Яшил боғим, кумуш қасрим,
Олар сиздан чирой асрим.
Куйингизга, бўйингизга
Бутун борлиқ бўлар таслим.
Онам Тошкент, отам Тошкент,
Хазон билмас Ватан Тошкент.
Ажойиб, тинч замон бўлса,
Этармиз забт, довон бўлса.
Баҳор кетмас дилингиздан,
Бу ёш қалблар омон бўлса.
Жаҳон кўрган юзим – Тошкент,
Азим Тошкент, ўзим – Тошкент.

2001

АМИРИМ

Ҳар онимда минг йилларнинг чўғи бор,
Мен ҳам ёниб, таратсам нур, деганман.
Жон-жонимда Амир Темур руҳи бор,
Остонамни асрай мағрур, деганман.

Асрларнинг саркорисиз, Амирим,
Қасрларнинг меъморисиз, Амирим,
Фаслларнинг баҳорисиз, Амирим,
Давлатингиз бўлгай маъмур, деганман.

Экиб кетган мевангиз бор элларда,
Ширин-шакар шевангиз бор тилларда,
Унутмасдан оғир-енгил йилларда,
Машҳурлардан сизни машҳур, деганман.

Баландлардан ўрлаб ўтган йўлингиз,
Йўлда қолди, тақмасдан, кўп гулингиз,
Найлай, гоҳо қаттиқ бўлса қўлингиз,
Кўҳна тарих тутгай маъзур, деганман.

Чорлар ҳамон сизни ёрқин йироқлар,
Қўллардаги қилич эмас, ўроқлар,
Ҳамроҳингиз ким, деб замон сўроқлар,
Барча одил, важдони ҳур, деганман.

Асрларнинг сардорисиз, азизим,
Қасрларнинг меъморисиз, азизим,
Фаслларнинг баҳорисиз, азизим,
Давлатингиз бўлгай маъмур, деганман.

1993

АРМОН

Қишлоқдаги бир нозанин
Кўнглимнинг баҳори эди.
Гул эди у кўзга яқин,
Бошқалар жўхори эди.

Боши узра айланса дуд,
Ғубор деманг, деманг булут,
Менга ўхшаш ошиқларнинг
Оҳи эди, зори эди.

Шоир аҳли тутақиб гоҳ,
Гоҳо қақшаб чеккандек оҳ:
“Кўзи — олов”, “кўкси эса
Тоғнинг оппоқ қори эди”.

Муҳаббатнинг кўчасида
Етолмасдим унга сира,
Сабабки, мен пиёдаман,
У эса суворий эди.

Хомлик шу-да, ёшлик шу-да,
Барно – уйғоқ, мен – уйқуда:
“Якка юлдуз” дер эканман,
Гарчи эл қатори эди.

Совуқ нигоҳ ташласа у,
Бўлар эди умрим оғу.
Ташласа гоҳ илиқ нигоҳ,
Дардларимга дори эди.

Тоза гулдек унди-ўсди,
Йўқ эди ҳеч ками-кўсти,
Фақат… битта айби ҳам бор:
У бировнинг ёри эди…

1972

АРМУҒОН

Тўйдан кейин куёв-келин
Ширин суҳбат қуради.
Аниқроғи, йигит секин
Қайлиғидан сўради.

— Енгди мени севги кайфи,
Қанотимни керайми,
Ойни узиб олма каби,
Қўлингизга берайми?

Ёқмагандир балки сизга
Ой юзига қўнган доғ,
Юлдуз тақсам кўксингизга
Бўлармикин маъқулроқ?

Шунча лофу нола этсам,
Боқмадингиз мен томон.
Хоҳласангиз офтобни ҳам
Эта олгум армуғон!

Тезроқ жавоб бера қолинг,
Бу совғам ҳам ёмонми?
Ундоқ бўлса, майли, олинг,
Тутдим сизга жаҳонни!

… Тугаб қолди йигит гапи,
Не қиларин билмайди.
Ёш келинчак, ғунча каби,
Севганига жилмайди:

— Ўз ўрнида турсин омон
Ой аталган олмангиз.
Тушмасмикин бир оз арзон
“Кир машина” олсангиз?

Куёв ҳайрон, лом-мим демас,
Ҳайрат яшнаб бетида.
Дўкончи ё омборчимас,
У… мунажжим эди-да!

1972

АФРИКА ҲИКОЯТИ

Сардорнинг шуҳрати кетар узоққа,
Куйчининг шуҳрати яшар узоқроқ.
Сардор, беланганда соқоли оққа,
Шуни ўйлаб қолди.
Тишлади бармоқ.
Сўнг, уста топтириб олис бир юртдан,
Ясаттириб келди етти торли соз.
Созга қўл урди-ю…
Бўлмади хуррам.
Йўталга ўхшарди соз берган овоз.
Титради сайрамай етти кумуш тор,
Гўёки қафасга тушиб қолган қуш.
Кўп хуноб бўларди эҳтимол сардор,
Бошланмаганида ногоҳон уруш.
Заҳарли найзани тақимга босиб,
Етти фарзандини олиб ёнига,
Тилсиз созини ҳам елкага осиб,
Сардор учиб кетди жанг майдонига.
“Қувди-қувди” билан ҳафталар ўтди.
Гоҳ вақти чоғ бўлди.
Гоҳо кўкси доғ:
Биринчи жангдаёқ бош ўғли ўлди,
Унга мозор бўлди заъфарон қумлоқ.
Сел янглиғ оққанда чангалзорда қон,
Иккинчи ўғлидан бўлди у жудо…
Ҳар гал узилганда қалбидан фиғон,
Инграб қайтарарди бир тор акс-садо.
Охири душманлар этилди тор-мор,
Босқинчи изи ҳам ташланди қириб.
Зафар билан қайтди уйига сардор,
Етти ўғлини ҳам ерга топшириб.
“Там-там”ни янгратиб, қучоқ очиб кенг
Пешвоз чиққанида қадрдон эли,
Укпар таққан боши хам эди унинг,
Хотинин кўзига боқолмас эди.
Не десин?
Нима ҳам дея оларди?
Найзасин узатди.
Қўлга олди соз.
Қайнаб ич-ичга сиғмаган дарди
Оқди етти тордан сирқираб бехос.
Майли фожиани хотини билса.
Сардорнинг қўшиғи тўла арз эди.
Бас эди дардига шекрик топилса,
Куйчи шуҳратини ўйламас эди.

1967

БАЙРАМ ЖИЛОСИ

Намангон кўкидан учиб ўтар куз,
Лекин юракларга қўнолмагай муз.
Наврўз ўчоғида ёқилган олов
Қалблар саҳнасида рақс тушар ҳануз.

Намангон боғларин жўшар жилоси
Кулиб боққанда нок, анжир, гилоси.
Юрт мадҳин таратгай энди фалакка
Юксак хирмонларнинг кумуш зиёси.

Бировни илмга пайвандлар тақдир,
Ўз касбин мақтаган ишчи ҳам ҳақдир.
Намангон бошларкан ҳосил байрамин,
Бугун – пахтакордан гўзалроқ йўқдир.

Чортоқ елпиғичдай тараб елини,
Сирдарё қучса-да водий белини,
Соғиниб қолганлар эслар аввало
Намангон қизининг ширин тилини.

Чанқоғинг бостирмоқ истаган жилға
Сен билан изма-из интилгай олға.
Намангон тупроғин ўпган сув борки,
Дарёга етгунча айланар болга.

Намангон баҳордек яшнаб-ёшарди,
Дилида қолмасдан заррача дарди.
Ҳақ гап: орзулари ушалган элнинг
Қўнмас чеҳрасига ҳорғинлик гарди.

2005

Балиқ фалсафаси

Думингни ликиллатасан,
олға кетасан!
Думингни ликиллатасан,
олға кетасан…

БАХТ ЭРУР

Кўз очиб, олам чиройин қалбга чеккан лаҳзадан
Бир ширин куй лабларимда: — Жон ватан, жоним ватан!

Бахт эрур севмоқ ватанни, чин муҳаббат бўлса бас,
Кимга киргай жон билан у, кимга келгай дафъатан.

Барқ уриб ўтгай замонлар, аста дарёлар ўтар,
Кетмагай беиз ва лекин сенга меҳрин боғлаган.

Кўзга сургайман отам юрган у йўллар гардини,
Мен учун жаннатга монанд волидам ўсган чаман.

Гул бўлиб кафтингда унгай бахту иқболим менинг.
Дилда орзу, қайга борсанг, сен билан бормоқдаман.

Кулбамизга пойдевор сен, бошимизга соябон,
Бир умр шоирга ёр сен, то абад толибга фан.

Кун келар, ишқ аҳли етгай дард чекиб маҳбубига,
Бунда бўлмас Ёсуманлар, бунда бўлмас Аҳраман.

Куйла Ҳусниддин билан, созим, ватаннинг васфини,
Жўр бўлур ўзбек аталган энг чиройли анжуман.

1996

БАХТИЁР БЎЛИНГ

Мунча шўхсиз, мунчалар ширин,
Боғлардаги олма, нормисиз?
Ошкор айланг энди қалб сирин,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Онажонлар, бахтиёр бўлинг.

Булбул бўлиб этсангиз нидо,
Товус каби қилсангиз жило,
Кимлар сизга айлар жон фидо,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Жонажонлар, бахтиёр бўлинг.

Гуллар экиб, райҳонлар тақиб,
Душманга ҳам бўлмасдан рақиб,
Муҳаббатнинг мағзини чақиб,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Безиёнлар, бахтиёр бўлинг.

Ёрин асраб дарду хатардан,
Фарзандларни кутиб сафардан,
Бош айланиб набиралардан,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Соябонлар, бахтиёр бўлинг.

Ҳануз таранг қошингиз ёйи,
Ким “қизим” дер, кимга сиз – ойи,
Меҳнатингиз кетмасин зое,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Меҳрибонлар, бахтиёр бўлинг.

Учиб ўтар қуш бўлиб йиллар,
Уйқу бермас туш бўлиб йиллар,
Сўроқ айлар мушт бўлиб йиллар:
— Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Соғ-омонлар, бахтиёр бўлинг.

Соя солган япроқлар билан,
Ёшлик ўтган ўтлоқлар билан,
Бирга ўсган ўртоқлар билан
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Кўп замонлар бахтиёр бўлинг.

Ҳамон шўхсиз, ҳали ҳам ширин,
Боғлардаги олма, нормисиз?!
Ошкор айланг, дўстлар, қалб сирин,
Бахтлимисиз, бахтиёрмисиз,
Жонажонлар, бахтиёр бўлинг.

1994-1996

БИРИНЧИ БЎСА

Қамчи боссам гоҳо хаёл-отимга,
Энг биринчи бўса келар ёдимга.

Бир бўсаки, оташи бор, меҳри бор,
То тирикман, юзларимда муҳри бор.

Онажоним нафаслари бор унда,
Орзулари, ҳаваслари бор унда.

Оҳ, бўсалар, ойим олган бўсалар,
Бўйим ўсар ёнгинамда бўлсалар…

Бошлаб кетар олға ҳаёт йўллари,
Юзим силар энди фарзанд қўллари.

Қанотимни она қушдай ёзаман,
Лабларимни оқ юзига босаман.

Фарзандимга, онам ҳаққи, мен бу он
Минг бир бўса айлагайман армуғон.

Оҳ, бўсалар, болдай ширин бўсалар,
Бўйим ўсар онажоним кўрсалар.

1998

ДАВЛАТИМ ҚАЛБИМДАДИР

Не учун дунёга келдим, нега кетмоғим керак,
Аввало тақдир буюрган ерга етмоғим керак.

Билмадим, гулзормикин ул ёки чангалзормикин,
Бўлса ҳам янтоқ, авайлаб, лола этмоғим керак.

Кимни офтоб этса эъзоз, кимни этгай жизғанак,
Сенга осмон эрса орзу, менга тупроғим керак.

Ташланар мевамни ўйлаб, розиман, тош отсалар,
Сояпарварларга балким тоза япроғим керак.

Ойжамол Зуҳроси бирлан бўлса Тоҳир бахтиёр,
Ўзга нозиктаъбга, дўстлар, эҳтимол Моҳим керак.

Ток бўлиб ёш тўкмагайман ҳар баҳор тиғ тегса ҳам,
Элга ардоғим керакдир, кимга ҳам доғим керак.

Мен ғарибмасман, шарифман, давлатим қалбимдадир,
Не учун жонимни тутмай, бўлса урвоғим керак.

Дейдилар, ҳуснинг керакдир тўй-томошо чоғида,
Мен бўлай ўлгунча ошиқ, ишқ-вафо доим керак.

1993

ЕЛКАДОШЛАР

Атоқли адабиётшунослар Озод Шарафиддинов
ва Абдуғафур Расуловни эслаб

Баёзу байтларга бойдир тўрт тараф,
Ғазал бўстонида яйрайди минглар.
Экран ва радио мурватин бураб,
Энг олис қишлоқ ҳам шоирни тинглар.

Шоир ҳам эл сўзин кутарди тун-кун
Илиқ табассумлар мағзин чақарди.
Асил ҳақиқатни англамоқ учун
Икки Елкадошга зимдан боқарди.

Жўшар Елкадошлар мисоли вулқон,
Жўр бўлар дам-бадам замон гурроси.
Илҳомни қитиқлар Абдуғафуржон
Ҳамда Озод ака, унинг устози.

Ноҳақ топталган ном нурга ўралар
Уларнинг захматкаш елкаларида.
Икки дўст овози вазмин таралар
Ижоднинг уммону жилғаларида:

Кимнинг фарзандисан? Ўқи ва ўйла.
Ҳаёт ҳазилкашдир. Билиб қадам бос.
Дардманга дармон бўл. Ҳалолни қўлла.
Рост сўзла. Соз сўзла. Ўз сўзингни ёз!

Бу содда тилаклар мазмуни улуғ,
Ҳамон чорлаётир янги парвозга.
Қўлда қалам билан
Қиламиз қуллуқ
Қалблардаги бедор икки устозга.

11.06.2015

ЕРНИНГ ТОРТИШ КУЧИ

Ернинг тортиш кучи йўқолса бехос,
Ҳаволаб кетарди жамики одам.
Дафъатан завқиёб бўлса-да парвоз,
Таянчсиз яшамоқ қийин жуда ҳам.

Ернинг тортиш кучи инсонни такрор
Тўрт буклаб тиқиши мумкин тупроққа.
Катта билим керак, буюк куч керак
Ернинг юзасида омон юрмоққа.

1972

ЖОН ОНАЖОНЛАР

Қалблари қайноқ жон онажонлар,
Сўзлари қаймоқ жон онажонлар,
Тишлари дурдай, ўзлари ҳурдай,
Кўзлари порлоқ жон онажонлар,
Оҳ, яна оҳ-оҳ, жон онажонлар.

Қиз ва ўғилнинг жони ўзингиз,
Лутфу ақлнинг кони ўзингиз,
Барча сомондир, дони ўзингиз,
Бахт ила ўртоқ жон онажонлар,
Оҳ, яна оҳ-оҳ, жон онажонлар.

Сиз ила ҳамдам бахту саодат,
Сизда саодат, бизда садоқат,
Бўлса бу олам соғу саломат,
Қуш каби қувноқ жон онажонлар,
Оҳ, яна оҳ-оҳ, жон онажонлар.

1978

ИФТИХОР

Тинчлик ва бахт – диллардаги ардоғимиз,
Дўстлар учун бағрин очар даргоҳимиз.
Порлаб турар биз яшнатган боғдай яшил,
Пахтадай оқ, самовий ранг байроғимиз.

Кўнгил ўсар пок севгимиз сеҳри ила,
Меҳнатдамиз ширин ҳаёт меҳри ила.
Орзусига етгай элим, парвоз этиб
Ҳумо нақшли мустақиллик муҳри ила.

Ҳар лаҳзанинг йилларга тенг мазмуни бор,
Ҳар ғунчанинг ардоқлаган мафтуни бор.
Халқ қадрини байроқ каби юксак этган
Ҳур ўлканинг адолатли Қонуни бор.

1993

КАМПИРИМ

Мен бугун ўйлаб, ўзим хайратдаман, жон кампирим,
Тавба, қирқ йил ҳам ўтибдир худди бир он, кампирим.

Олға юрдик кифтда ўтмиш, кафтда истиқбол билан,
Умримиз йўл бўлса, дўстлар, катта карвон – кампирим.

Авж этиб сепган уруғлар, ҳар бошоқ таъзимдадир,
Минг шукур айтиб, кўтаргай энди хирмон кампирим.

Қолмагайман доғда мен ҳам, токи ҳамроҳим экан
Раҳбарим, шеърхон, муҳарририм, ҳисобдон кампирим.

Хоҳ бўлай ёш лейтенант, хоҳ мўйсафид маршал бўлай,
Ўнг қўлим чаккамда доим, берса фармон кампирим.

Мақтаманг, лутф этди деб зангори кўзгудан мени,
Асли мен экранда суратман, сухандон — кампирим.

Гоҳ, жужуқлар бошидан борин сочиб, у бахтиёр,
Гоҳи, қайтаркан бозордан, сал паришон кампирим.

Ойга офтоб, токка тиргак, ёр керак инсон учун,
Унда мен кимман, гапирсин еру осмон кампирим.

Кўнглимиз тўқ: кўкка учсак ҳам, яёв юрганда ҳам
Кўз тутар бизларга Тошкент ё Намангон, кампирим!

Энди , Ҳусниддин акам бизларга ҳам боқсин, деманг,
Мен севиб ёд айлаган энг яхши достон – кампирим.

1998

ҚРИМ ҲИКОЯТИ

Қора денгиз соҳилида Аюдаг деган тепалик бор.
Исми жисмига монанд бу тепалик ҳақиқатан денгизни
шимираётган дарғазаб айиққа ўхшайди.

Етти ака-ука айиқ ин қуриб,
Беташвиш яшарди денгиз лабида.
Ўт босган зинанинг пояларидай,
Бири бировидан эди баландроқ.
Қўшни қояларни босмаса булут,
Чиқиб кетишарди тоғнинг бағрига.
Ёнғоқ қоқишарди кедрни силкиб,
Кураш тушишарди ё арчазорда.

Шундай тинч кунларнинг бирида ногоҳ
Уйда ухлаб қолган кенжатой айиқ
Ажал қувган каби келди ҳаллослаб,
Қорайиб кетганди тердан бечора.
“Опам… опажоним!” дер эди холос…

Тўғри, опаси бор айиқларнинг ҳам, —
Тўрт оёқли эмас, —
Қадди қайиндай,
Кўзи ўйнаб турган барно эди у.
Шўрлик қолдимикин бирор хатарда?
Айиқнинг улкани учар уй томон,
Гулу ниҳолларни ўтар пайхонлаб,
Қоялар кўксидан кўчган тош каби.
Уя бўм-бўш эди,уя бўм-бўм-бўш!

Денгиз-чи?
Титроғин босолмас денгиз,
Чунки қиз кафтини қош узра қўйиб,
Турар янги ойдай оппоқ қайиқда.
Айиқлар уйининг танҳо безаги,
Айиқлар уйини ёритган чироқ
Мовий тўлқин узра олмадай қалқиб,
Балиқчи йигит-ла сирлашар эди.
Шамол очиб кетса оқ билакларин,
Ҳатто беркитмасди суҳбатдошидан.
Айиқ ғазабданми, дили куйибми,
Шимира бошлади шаффоф денгизни.

— Жон, айиқ, айиқжон, эсингни тўпла,
Тўхта, омон бўлгур, менга қулоқ сол:
Мен шак келтирмайман бахтсиз ошиқлар
Денгизни бир ҳўплаб қуритишига.
Лекин табассуми уйинг иситган,
Сени эртак айтиб ухлатгувчи қиз
Эримаган бўлса севгинг ўтида,
Музга ҳам айланмас қаҳру рашкингдан.
Гоҳо елканг силаб эркалатгани
Ишонч ва ишқингни уйғотган бўлса,
Нечун бунча зуғум,
Нима айб қизда,
Наҳот жазоланса меҳру оқибат?
Қизга озор берма, эркаксан ахир!

Мана, тошиб чиқди кўзларингдан ёш,
Йиғла, тошиб кетсин улкан денгиз ҳам,
Мен ҳам ёнгинангда бирга йиғлашай.
Уни унутмассан!
Унутмас у ҳам!
Эҳтимол унутар…
Бахтли бўлса бас!
Агар бахтсиз бўлса жондан азизинг,
Чидаш қийинроқдир бунинг доғига.
* * *
Соҳил харсанггини босганча юзга,
Тош айиқ термилар ҳамон денгизга.

1964

МЕНИНГ ЁРИМ ВАФОЛИ

Атиргул орасида
Ўқир булбул қасида
Менинг оташли севгим,
Менинг ёрим ҳақида.

Менинг ёрим вафоли,
Вафонинг йўқ заволи.
Ёзар гул даста-даста
Муҳаббатнинг ниҳоли.

Наволар шўх ҳаволаб,
Бўлур завқим лабо-лаб.
Асил бахт мисли офтоб,
Уни бўлмас баҳолаб.

Агар ёр боқса ширин,
Ўтар ҳар лаҳза ширин.
Баҳор айлайди эъзоз
Муҳаббатнинг асирин.

Атиргул орасида
Ўқир булбул қасида
Менинг оташли севгим,
Менинг ёрим ҳақида…

1982

НАМАНГОН БОҒИДА

Наби Раҳимовга

Яхши дўстим, бир нафас дам ол Намангон боғида,
Сув сўраб борсанг, берурлар бол Намангон боғида.

Етти иқлим боғидан гул ҳидлаганлар оз эмас,
Охири бўлган улар ҳам лол Намангон боғида.

Бунда ҳар гул ишққа пайванд, шул сабаб кўрмас хазон,
Айланар ўғлонга ҳатто чол Намангон боғида.

Қадди юксак ҳар чинор ёрин сўроқлаб чўзса бўй,
Тебранар ноз бирла мажнунтол Намангон боғида.

Тил учинда дурру новвот тутсалар, ноз этма сен,
Кир юракдан кимса очмас фол Намангон боғида.

Ўзбекистон чеҳрасин чиз: кўзу қош Тошкент эрур,
Ғунча лаб Фарғона бўлса, хол Намангон боғида.

Иштиёқинг бўлса, қолгин бир умр меҳмон бўлиб,
Бўлса узринг ҳам, бирор кун қол Намангон боғида.

1980

НАМАНГОН ЙЎЛИДА

Намангон йўлида энг тоза осмон,
Осмон гардишида арчалар посбон,
Ҳар кимки сафарга чиқса бел боғлаб,
Ўзинг мушкулини айлагин осон.

Намангон йўлида дарёлар, кўллар,
Оташ қалб барибир соғинчдан чўллар,
Талпинар қуш бўлиб қўлларга қўллар,
Дилга интилар дил, жонни излар жон.

Намангон йўлида жилғалар, сойлар,
Қизлар сой бўйида кимларни пойлар,
Ким учун очилган гулдек чиройлар,
Кимни деб юраклар бўлмоқда ларзон?!

Намангон йўлида Чуст билан Поплар,
Бордир ҳар ойюзга бағри офтоблар,
Бунда висол бўлгай, бўлмас сароблар,
Тотлидир бу элда ҳаттоки армон.

Намангон йўлида қирлар, адирлар,
Ҳижронда синалур меҳру қадрлар,
Сизу биз терилсак худди сатрлар,
Ширин умримиздан туғилгай достон.

Намангон йўлида тош ва харсанглар,
Имиллаб қолдик бир қари-қартанглар,
Бизлардан дуо денг олдин борсанглар,
Карвон келмоқда, денг, келмоқда карвон!

Намангон йўлида толлар, чинорлар,
Бормикин бу юртга биздай хуморлар,
Ана ҳусну дониш, ана виқорлар,
Бир боқсин бизга ҳам ўшал Намангон,
гўзал Намангон…

1995

ОЙДИН БОЛАМ

Бошинг узра айланар боди сабо,
Жонгинангга, жон болам, жоним фидо.
Кеча-кундуз хаёлим ёдинг билан,
Оҳанрабо ўзингсан, оҳанрабо.

Дарё бўлиб тошар дил қирғоғидан,
Ажраб бўлмас дўстларнинг қучоғидан.
Алла қилсанг, бу оқшом, болажоним,
Ой туғилгай ҳилолнинг ушоғидан.

Беланчагинг ой бўлиб нур сочади,
Изларингдан тонг кулиб юз очади.
Гуллар сенинг бошингга соя солар,
Қушлар сенинг бахтингдан сўзлашади.

Эл ичида фахримсан, савлатимсан,
Бу ҳаётда топганим – давлатимсан.
Мен ҳам ором оларман, жоним болам,
Ширин тушлар қўйнида алла қилсанг.

1992

ОНА МЕҲРИ

Биласизми, қадим-қадимда
Куз бўлмаган, киш ҳам бўлмаган.
Гул ва япрок. кучган заминда
Одамлар ҳам сира ўлмаган.
Яллаларга туташиб «ёр-ёр»,
«Ёр-ёр»лардан алла туғилиб,
Яшайверган ҳамма бахтиёр,
Боғлар аро қушдай йиғилиб.
Йиллар ўтиб,
Қаригач кам-кам
Ва ғарқ бўлгач хусни ажинга,
Даво излаб борарди одам
Мангу илиқ уммон-азимга.
Ҳар нарсага — бир санъат насиб,
Денгизнинг ҳам бор эди сеҳри:
Суви тегса,
Тушарди тузиб
Танда қариб-қақшаган тери.
Қадди-қомат яна баркамол,
Чеҳра яна чиройга тўлиб,
Йигит бўлиб кайтар эди чол,
Қайтар эди кампир
қиз бўлиб.
Шу тариқа айланиб ҳаёт,
Ғарази йук,
Арази ҳам йук,
Ёшу кекса яшар эди шод,
Бир-биридан доим кунгли тўқ.
Кейин эса…
Кунлардан бир кун
Фарзанд курди мунис бир аёл.
Чақалоғи тўқлидай дуркун,
Сергак эди синчалак мисол.
Тўлғоқларда бўшаб бўғини,
Она сезиб ўзини хаста,
Мажбур бўлди,
қўйиб ўғлини,
Денгиз сари бормоққа аста.
Тез орада,
қилгандай парвоз,
Қайтди уйга яна ёш бўлиб:
Тишлари дур, кўзлари олмос,
Оқ юзли ва қора қош бўлиб.
Улкан эди кувончи қалбда,
Соғинчлари эса ундан мўл.
Мухаббати чўғланиб лабда,
Узатди у фарзандига қўл,
Титраб кетди ва лекин тани,
Ахир,
қаранг,
Афсус ва ҳайҳот,
Ачом-ачом айламай уни,
Бола бирдан кўтарди фарёд.
Эмасди бу ғашлик ё зарда!
Гап шундаки,
бўлса ҳам зийрак,
Онасини,
биринчи марта,
Таниёлмай қолганди гўдак.
Майли,
сочи қорами — оқми,
Ўз онасин қиларди талаб.
Кеча-кундуз йиртиб томоқни,
Ўз онасин қиларди талаб.
Она аввал туйди ифтиҳор
Ўғли бунча севганлигидан.
Сўнг ҳис этди ўзини ночор
Бунча зор-у, бунча йиғидан.
Қайси аёл чидайди, аҳир,
Кўз ёшга ғарқ ўғлин кўрмоққа?!
Нима қилсин?
Йўл олди охир
У кайтадан соҳир қирғоққа.
Истаб топди тунов кун ўзи
Ташлаб кетган қари терисин,
Мана,
порлаб боланинг кўзи,
Тош бўлса ҳам дарди,
эрисин:
Ўз тўзиган пустини она
Елкасига илди қайтариб,
Ўғлонининг ёнига яна
Аввалгидай қайтди у қариб.
Қаддин аммо ҳис этди баланд
Ўғли таниб,
қоққанда қанот.
Бўлмас аҳир бахтиёр фарзанд
Кулгусидан ортиқ мукофот!
Кўчиб энди меҳр зиёси,
Гудак гулдай ўсиб борарди.
Волида ҳам умридан рози,
Умри эса
тузиб борарди.
Лекин отмас терисин юлиб,
Авайларди боласин ғамдан
Ва…
Оламда биринчи бўлиб
Ўша аёл ўтди оламдан.
Мен — ҳаётнинг содиқ аскари,
Ғазабим бор номард ўлимга.
Оналарга олқиш айтгали
Қалам олдим бугун қўлимга.
Янграйверсии билмасдан қайру
Фарзандларнинг қўлидаги соз!
Сиз ва менга бу тоза туйғу
Ўша мунис онадан мерос.

1982

ПОКИЗА НОМ

Ватан кўп асрлар, курашлар ҳамда
Номаълум деҳқонлар ижоди эрур.
Уни юксалтирмиш ёруғ оламда
Ҳазрат Навоийлар бахш этган ғурур.

Аланга тилидай беқарор ҳислар
Шеърга айлангандек ногоҳ илҳомдан,
Ватан бошланади сиз билан бизлар
Авайлаб-асраган покиза номдан.

1984

СИЗ ТУҒИЛГАН КУН

Онажон, Сиз – мангу туганмас кўклам,
Қалб борки, бир умр кўкламга мафтун:
Лаззатли, шафқатли, нурли бу олам
Менга ҳам туғилди Сиз туғилган кун,
Ҳаёт ва коинот касб этди мазмун.

Отажон, биздайин ижодингиз бор,
Демакки, учарга қанотингиз бор,
Экиб-ўриб ўтган ҳаётингиз бор,
Ҳосил байрамидир Сиз туғилган кун,
Шукр: тўрт кўз тугал, нонингиз бутун.

Ёрим, гоҳ сипосан, гоҳида эрка,
Асли ўхшасанг-да, илоҳий сирга,
Вафо, куюнчаклик, сабр ила бирга
Бахтим ҳам туғилди Сен туғилган кун,
Шундан дил обод-у, чеҳралар гулгун.

Ўғлим, азиз бўлгин шаҳри азимда,
Сен борки, доимо дўппим яримта,
Истиқболга, ахир, томирларимда
Ишонч илдиз отди Сен туғилган кун,
Ўзимни ҳис этдим борлиққа уйғун.

Қизим, битта гулзор сенчалик бўлар,
Сара гулларингга бағримиз тўлар,
Офтоб ҳам бошингда ўзгача кулар
Ўзимдай қувониб Сен туғилган кун,
Очилиб-сочилиб ўсавер дуркун.

Набирам – мен эккан гулнинг ғунчаси,
Ғунчалар ичида сара, инжаси,
Фаришталарнинг ҳам анча-мунчаси
Бешигинг безатган Сен туғилган кун,
Бахт мангу ўртоғинг бўлмоғи учун.

Дўстим, бир худога ярашар тоқлик,
Сўнгсиз хазинадир дўстлик-ўртоқлик,
Агар шоҳ бўлсам-да, қилмасдан шоҳлик,
Қуллуқ айлагайман Сен туғилган кун,
Сенинг шодлигинг-ла яшайман мамнун.

2000-2003

СОДДАГИНА ШЕЪР

— Дунёга келдинг-у, не бўлдинг, дўстим?
— Яхшилар ичида улғайдим, ўсдим.

— Сўнг, ақлингни таниб, не қилдинг, дўстим?
— Ёмонлик дуч келса, йўлини тўсдим.

— Бари бир ғариб кўп дунёда, дўстим!
— Эҳтимол айбдорман бунга ҳам ўзим…

— Дунёдан нималар кутасан, дўстим?
— Хўрлик ўртамасин ҳеч кимнинг кўксин!

— Дунё бир мактабдир, не уқдинг, дўстим?
— Ҳеч ким бўлмас экан дунёга устун…

— Сендан не қолади дунёда, дўстим?
— Фарзанд ва муҳаббат, меҳнат ва тўзим.

— Наҳот қуруқ кетсанг дунёдан, дўстим?
— Йўқ, олиб кетаман барча кам-кўстим.

1985

УМР

Қаҳатчилик экан мен туғилганда.
Алғов-далғов экан замин ва замон.
Тушунмасам ҳамки,
Зарур келганда.
Барчасин бир сўз-ла этардим баён:
— Ингаа!..

Етмиш йил яшагач,қарасам, ёҳу,
Ақлим битта ҳарфга бойибди, холос;
“Нечага кирмоқни қиласан орзу?”
Дея сўрасалар, дейман мен шоввоз:
— Минггаа!..

2002

ҲАЁТ САҲНАСИДА

Йўллар қўндирмагай кўзимга ғафлат,
Йиллар қила олмас юрагимни ғаш.
Ҳаёт саҳнасида яшамоқ – санъат,
Ундан ҳам нозикдир санъатда яшаш.

Бу кафтдек саҳнадан шод ўтмоқ даркор,
Чўққига чиққандек одим-баодим.
Мен ўз ҳаётимдан розиман минг бор,
Лекин розимикин мендан ҳаётим?!

1997

ҲАЁТИМ МАЪНОСИ

Жўш урган жаҳонни яхши кўраман,
Қуш тўла осмонни яхши кўраман.
Ҳаётни мен билан баҳам кўрувчи
Жамики инсонни яхши кўраман.

Улардан муҳаббат қайтмаса агар,
Не дердим, дилимни ўртамас кадар:
Ҳаётим маъно касб этмоғи учун
Менга бир яхши ёр севгиси етар.

1981

ҲИСОБ-КИТОБ

Алгебрага иштиёқим суст,
Рақамлардан безиллар ёдим.
Неваралар номини дуруст
Ёдлаёлмай ўтди ҳаётим.

Лек тўлганда тўкилмади дув,
Ҳисоб-китоб чакки бўлмади:
Битта ноним икки бўлди-ю,
Битта ёрим икки бўлмади.

1994

Қўлларинг

Қани, Рустам кафтингни оч-чи,
Ўғлим, қўлинг мунча ҳам жажжи…

Бармоқларинг ҳозир момиқдай,
Кумуш қошиқ тутганича йўқ.
Меҳмонлардан сира ҳайиқмай,
Дастурхонни титганича йўқ.

Эгнингдаги гулёқа кўйлак
Бўйларингга тор келар бир кун.
Дўстлар билан ўтарсан куйлаб,
Кўчаларни тўлдириб, дуркун.

Икки ёнда бинолар сафи,
Деразалар жилмаяр, порлар.
Қурувчисин таниган каби,
Ҳар уй сени меҳмонга чорлар.

Ўғлим, қайга қадам ташласанг,
Ҳамроҳ бўлар сенга эл меҳри.
Қайда яшил боғлар яшнаса,
Қолур шаксиз қўлларинг муҳри.

Кафтларингда унса қадоқлар.
Онанг боқиб куймасин бекор:
Файз қўнади ахир бармоққа,
Безатганда уни касбу кор.

Балки рояль пардаларида
Капалакдай этар у парвоз.
Балки Сибирь тайгаларига
Бошлаб келар мангу яшил ёз.

Юксакларни этсанг ихтиёр,
Ёр бўлгуси лочинга лочин;
Бардам қўлинг титраб бахтиёр,
Қай барнонинг силаркин сочин?

Ўзинг қурган чароғон йўлдан
Бахт уйига киргайсан хуррам.
Кексалардан хавотир бўлма,
Сендан ортда қолмаймиз биз ҳам.
Қани Рустам, кафтингни оч-чи!

1961

ЯШАЙ ДЕРМАН

Ҳаётимни қилиб хониш яшайдирман, яшайдирман,
Нетайки, йўқдир осон иш, яшай дерман, яшайдирман.

Баҳор, ёз, куз бошимдан сочди-ю гул, мева, япроқлар,
Қитиқлаб қочди саксон қиш – яшай дерман, яшайдирман.

Қарибсан-ку деманг, илҳом парисин ёр этибманки,
Берар умримга оройиш: яшайдирман – яшайдирман.

Оқар сатр ичра ҳар оним, уззукун тўлғанар жоним,
Насибам бўлса ҳам ёниш, яшай дерман, яшайдирман.

Қалам ер ўз ичин, эвоҳ, олар ўч сўнгра қоғоздан,
Қоғоз шод, ёғдирар олқиш: “Яшайдирман, яшайдирман!”

Ширин тушлар безаб, эртакка айлангач туним гоҳо,
Ҳукмроним бўлар дониш — яшайдирман, яшайдирман.

Шивирлар менга бир довдир: “Бу олам кўҳна яйловдир,
Ўтар қўчқор, ўтар говмиш…” Яшай дерман, яшайдирман!

Биларман бир бинокордек, ғазал қасрин деворига
Қўйилмас хом ва арзон ғишт – яшайдирман, яшайдирман.

Сўзимнинг мағзи шулки, шеърият номли бу жанггоҳда
Музаффар, мисли Алпомиш яшай дерман, яшайдирман.

Тугаб назмимда кам-кўстлар, табассум айлагач дўстлар,
Юрак ҳам берса фармойиш, яшай дерман, яшайдирман.

Гўзаллик кашф этолсам бас, қизитмай ҳусн бозорини,
Бўлиб бошимга бахт болиш яшай дерман, яшайдирман.

20.10.2012 йил