Ўзим ҳақимда

Ҳусниддин ШАРИПОВ

АВВАЛО – КАЛОМ…

Ижод моҳияти ҳақида буюк Арасту замонидан бери сон-саноқсиз фикрлар айтилган. Бири биридан аъло. Ҳатто акс-садолари бор. Қайсидир дўстим кулимсираб деган эди:
“Олимларга қойил! Яхлитгина нарсани олишади-ю, ҳа-ҳу дегунча қўлингга калла-поча қилиб тутқизишади, бу ёғини ўзинг эплашинг керакдай…” Бошқа, ҳазилни тушунмайдиганроғи эса, куйиб-пишиб ўзиникини маъқуллайди: “Муҳими – қассобликда эмас, аксинча, калла-поча бўлиб ётган нарсани қайтадан жой-жойига қўйишда”. Учинчиси ҳам бўш келмайди: “Биз ижодни қисмлари жой-жойида турган нарсага “пуф” деб жон киритувчи қудрат сифатида биламиз!”
Бунақа даҳанаки адабиётшунослик, албатта, сўнгсиз давом этавериши мумкин. Мен умумлаштирувдан кўра кўпроқ аниқлаштирувга ўрганганман. Шунинг учун кўпинча фақат кўрган-билганларим билан ўртоқлашишга ҳаракат қиламан, борига барака, деганларидек…
Фикримча, олий ўқув юртида филологиядан таҳсил олиб, каттами-кичикми шоир бўлиб кетганлар кейинча ўз ёзганларини дарсхонада ўзлари танишган юксак ижод намуналари билан қиёслаб юрадилар. Кўнгиллари тўлса – фахрланиб, тўлмаса – яна чўққига интилишда давом этадилар. Чунки улар дастлабки қадамданоқ адабиётнинг катта йўли қайларга элтишини билишади… Адабиётшунослар ҳам баҳо бермоқчи бўлган асарларини ўша муҳитда олган кўникмаларига асосланиб таҳлил этадилар. Тасаввур қуюшқонига эркин жойлашган асарларни улуғлайдилар, сиғмаганларига тўкисланиш йўлини кўрсатадилар.
Мен ҳам, тақдир экан, китоб нималигини жуда кичиклигимдан билганман. Ўттизинчи йиллар ўртасида лотин алифбосида босилган “Ўтган кунлар” билан “Меҳробдан чаён”ни Поп туман маориф шўъбасининг мудири бўлиб ишлаган отам Султон Назировнинг жовонидан олиб, 1943-1944 йилларда ўқиб чиқишга улгургандим. Сарғиш қаттиқ муқовали “Ҳамлет”ни ҳам: Чўлпон таржимаси бўлса эҳтимол… Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб”ини ҳовли супура туриб ўқиганим учун онамдан қаттиқ дакки эшитганим ҳамон эсимда. Ўша пайтдаги китоблардан ҳозир менда Шолоховнинг ўзбекча “Очилган қўриғи” ва Сейдининг шеърлари сақланиб қолган холос. Дарвоқе, Ғафур Ғуломнинг алоҳида босилиб чиққан “Ёдгор”ини катталар негадир мендан яшириб, ўзлари ўқишарди…

Шундай эса-да, биринчи марта бир сатрни иккинчиси билан қофиялай бошлаганимда, бу – адабиёт-у, адабиётнинг эса қандайдир қонун-қоидалари бўлиши мумкинлиги ҳақида заррача тасаввурим йўқ эди. Умуман, бунақа иштиёқ қачон туғилганини эслай олмайман. Фақат бир воқеани айтиб ўтай…
Урушдан аввалги йиллар. Онам Туруғуной мени ўзлари билан театрга олиб тушдилар. “Лайли ва Мажнун” экан. Мажнун Лайли кўйида куйиб, ҳатто Маккага боришдан бўйин товлаганида унинг отаси кўп эзилади. Ўғлининг дардли қўшиғини тингларкан, мункиллаб қолган чол эмасми, боши титраб, оғир ҳасса тутган қўллари қалт-қалт қиларди. Менинг жуда таъсирланиб кетганим сезилган бўлса керакки, онам қайтаётганимизда ҳаяжонимнинг сабабини сўраб қолдилар. Мен тушунтирдим:
— Аба, Мажнуннинг отаси жуда қариб қопти, ярим кечада уйига қандоқ етиб олади, ё бирор киши обориб қўядими?
Хуллас, “Фарҳод ва Ширин”, “Тоҳир ва Зуҳра”ларни ҳам ана шундай тўлқинланиб кўрган бўлсам ажаб эмас. Аниқ эслайман – 1945 йил 9 май ғалаба оқшомида текин “Офтобхон”га кирганман. Лекин гап томошада эмас: ўйлаб қарасам, ўша маҳалларда ўша пьесалардаги қўшиқларга тақлид қилиб, тўқувчилар шеваси билан айтганда “гула кўтариб”, янада тўғрироғи – Навоий, Яшин, Собир Абдулла каби улуғларга эргашиб шеър машқ қилганга ўхшайман.
Уруш йиллари орқада қолди, ҳаёт давом этаверди. Еттинчи синфдан сўнг Намангон қишлоқ хўжалик техникумида ўқидим. 1947 йилдан ёш ижодкорлар семинарига фаол қатнашдим, радиода мухбирлик қилдим. 1948 йили дастлабки учта шеърим вилоят газетасида эълон қилинди. 1954 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ўрмон-мелиорация факультетини битиргач, ўрмон хўжалигида инженер бўлиб ишладим. 1956 йили “Ниҳол” номли биринчи шеърий китобим босилиб чиқди. Кейин вилоят газетасига сафарбар қилиндим. 1960 йили “Ўзбекистон маданияти” газетасига адабий котиб бўлиб келдим. Икки йил ўтгач, “Шарқ юлдузи” журналининг шеърият бўлимини бошқаришга киришдим: бу иш узун-қисқа танаффуслар билан қарийб 1983 йилгача давом этди.
Мен ҳозир таржимаи ҳол ёзаётганим йўқ. Адабий ҳаёт чорраҳаларини эслайдиган бўлсак, олтмишинчи йилларнинг бошида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги ёш қаламкашлар семинарининг умуртқаси бўлмиш Хайриддин Салоҳ, Наим Каримов, Ғаффор Мўминов, Шотурсун Ғуломов сингари тенгдошларим қаторига Эркин Воҳидов, Ўлмас Умарбеков, Сайёр, Учқун Назаров, Тўлқин, Шукур Холмирзаев каби оташин ижодкорлар тўлқини кириб келди. Газета ва журналлар уларга чўчимай буюртмалар бера бошладилар. Радио тўлқинлари ва телевизор экрани уларники бўлиб қолди. Лирика ҳақида баҳслар қизиб кетди. Устоз Миртемирнинг “Сурат”ига эргашиб, лирик достончилик авж ола бошлади. Ёшларнинг ўзлари ҳам, ўз услубларини ҳимоя қилиб, мақолалар билан чиқа бошлашди.
Олтмишинчи йилларнинг ўрталарига етганда, “Кўнгил буюргани”, “Қуёшга ошиқман”, “Укажонларимга”, “Тупроққа қасида”, “Ернинг қалби” каби китобларим, “Сени севаман”, “Ота ўғли” сингари пьесаларим элга манзур бўлгани учунмикин, ҳарҳолда, ўзимга ишончим озми-кўпми мустаҳкамланиб қолганидан бўлса керак, ҳаволаниш ўрнига, мен ўзимни тафтиш қилишга киришдим: ҳатто энг гўзал жой бўлса ҳам, бир ерда рақс тушавериш зеракарли иш-да!
Ҳақ гап, бизнинг ёзганларимиз кўпинча халқни тарбиялаш йўлида хизмат қиларди, ҳалоллик ва камтарликка чорларди, вафо ва муҳаббатни улуғларди, турмушдаги фидойилик ва маданиятни тараннум этарди. Дўсту оғайниларим асосан деҳқон болалар бўлгани сабабли мен бу масалаларга меҳнат мавзуи орқали ёндошардим. Акс-садо ҳам жарангдор бўларди. Лекин, айни пайтда, “шеърият уфқининг нариги томонида нима бор экан?” деган савол ҳам безовта қила бошлади: ҳали ёш шоир аталсак-да, умр ўтиб бораяпти, ахир! Қолаверса, домла Миртемирнинг бир лутфи доим миямда ғимирлаб, тинчимни бузарди. 1961-1962 йилларда, у киши раҳнамо бўлиб, Тўйтепага ёш қаламкашлар билан бир неча бор учрашгандик, ўша мажлисларнинг бирида устоз айтган ушбу сўзларни ёд олиб қолгандим:
— Ёш гудакка нон билан қанд чайнаб едирсангиз, у ҳам мазза қилиши мумкин, сиз ҳам… Аммо, катта кишига бирор луқмани чайнаб берсангиз, унинг ҳам кўнгли айнийди, сиз ҳам беҳузур бўласиз. Шеъриятда ҳам худди шундай, — китобхонни аяш лозим.
Ундоқ бўлса, нимани ёзиш керак?
Қандай ёзиш керак?
Ўз турмуш ажрибамдан туғилган шеърлар илгари ҳам бор эди, лекин улар об-ҳаво ярата олганми?
Шеспир ва Муқимий ўз даврининг одамлари ҳақида ҳақ гапни айтиб кетишган. Пушкин ва Ойбек – ҳамма нарсани ўз номи билан айтган инсонлар. Лев Толстой ва Абдулла Қаҳҳор замондош ҳолатини ўз бўйлари даражасида туриб кўришган. Бизга ўхшаш ихчам кишиларга ҳалол таҳлил қилиш учун ҳаётнинг қандай қирраси қолдийкин? Ўша қирранинг ўзи нимани акс эттиради?
Албатта шеър драматик бўлиши мумкин, эпик бўлиши мумкин. Лекин иккаласи ҳам қаҳрамоннинг муайян шароит ва маълум бир лаҳзадаги ҳолатини, кайфиятини рост ифодалаши шарт. Ана шуларни ўйлай-ўйлай, жуда кўп ёзиш ва ўчиришга тўғри келди. Бу ҳақда дўстларимдан бири тўқиган латифа ҳам бор. Эмишки, мен дўстлар даврасига хурсанд кириб келибман. Хурсандлик сабабини сўрашса, “бугун зўр ишладим, саккиз сатр шеърни қалаштириб ташладим” дебман. Эртасига қарашса, ундан ҳам хурсанд келаётган эмишман. Бунинг сабабини суриштиришса, айтармишман: “Бугунги ишим кечагидан ҳам унумли бўлди – кеча ёзган саккиз сатримдан олтитасини ўчириб ташлашга муваффақ бўлдим!..” Лекин жиддий гап шуки, ўша вақтларда, масалан, “Манзара” деган битта доно шеър учун бир йил умрим кетгани муболаға эмас.
Одатда навбатдаги ҳар китобга узун-қисқа муддат ичида ёзилган паст-баланд шеърлар жамланаверади. Акс ҳолда уларни сақлаб қолиш, иссиғида ҳаққоний баҳолаш қийин. Бугун уларни ғалвирдан ўтказаркан, ўзгача ўлчов, ўзгача кўз билан қарашга тўғри келади. Масалан, шоир Омон Мухторнинг йигирма йилча бурун айтган бир фикри хаёлимдан йилт этиб ўтади. У ўшанда янги китобимни ўқиганини билдириб, беғуборгина: “Сиз ғазални бошқача ёзар экансиз-а” деб қўйганди. Бу мақтов ёки танқид эмас, бошқача мағизга ишора эди холос. Лекин шу оддийгина бир гапдан сўнг ўзим шунча вақт пайпаслаб юриб излаганимни ниҳоят топа олганимга озми-кўпми ишонч туғилди менда. Бирон нарсани кашф этиш учун изланиш керак, дейдилар, ҳамма ишинг ўша кашфиётнинг даражасида бўлиши учун эса ишонч ҳам керак. Ўзим ишонадиган яна бир кўмакчим бор. Қарийб ҳамма ёзганларимни кузатиб боради. “Зўр, боплабсиз” деб қолади у гоҳида. Кўнглим кўтарилади. Баъзан “Яхши!” дейди қувониб. Раҳмат. Баъзида сал ўйланиб қолади-ю, “Тўғри ёзибсиз” деб қўяди. Бу ҳаммасидан қимматли. Бирга униб-ўсган дўстларига ҳунарини намойиш қилганида ҳам анча ҳушёр тортади киши. Уларга маъқул нарса бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмас, дейман-да! Хуллас, буларнинг ҳаммаси ўртада ҳам юрмай, чеккага ҳам чиқмай, табиий яшаш учун ёрдам бериши шубҳасиз.
Бугун маъқул шеърларни тартиблай туриб, уларнинг миқдори анчагина салмоқли бўлиб қолганини сездим. Табиийки, бора-бора, сон сифатга айланади. Сифат эса, ўз навбатида, атрофдагиларга ўйлаб кўриш ҳақида ишора қилиши мумкин.
1947-1949 йилларда, вилоят ёш ёзувчиларининг семинарига қатнар эканман, янгилик излаб, Асқад Мухторга, кейинроқ Маяковскийга тақлидан ёзган вақтларим бўлган. Мен мазмун эмас, шаклни назарда тутаётирман. Дўстларим ҳам бўш келишмасди. Одатий оҳангдош сўзлардан ташқари, шеърларимизга “оч қофия”, “қулоқ қофия”, “ички қофия”, “жуфт қофия”, “эркин қофия”, “қўшалоқ қофия”, “қўшалоқ қофия” ва ҳоказолар безак бўларди. Шу ўринда яна бир воқеани эслагим келаяпти. Олтмишинчи йилларнинг охири бўлса керак, кунларнинг бирида Эркин Воҳидов жилмайиб келди-ю, тегишди:
— Ҳусниддин ака, мен сизни енгдим.
— Шаҳмотдами? – дейман, чап бериб.
— Йўқ, қофия бобида: сиз бир вақтлар “қуёш”га “қувонч”ни қофия қилган эдингиз. Мен “қуёш”га “қиёс”ни қофияладим, қалай?
Уни табрикладим. Дарҳақиқат, шоир ўз табиатига мос, чиройли қофия топганди. Кейинча у бошқа жабҳаларда ҳам илдам илгарилаб кетди. Яхши. Қандини урсин!
Ўша пайтларда изланиш бўлиб кўринган нарсалар бирин-кетин илдиз отди, йўлни кенгайтирди ва, назаримда, ҳозирга келиб, оддий ҳолатга айланиб қолди. Нозик манзумалар у ёқда турсин, ўртамиёна қўшиқ матнларини ҳам жуда жилвали қофиялар, қочирмалар безатаётирки, тинглаб тан бермай иложинг йўқ.
Шундай бўлса-да, айтиш керак, ҳар бир давр шеърияти, ўз олдидаги мақсадларига кўра, доим янги кашфиёт остонасида турган бўлади. Эҳтимол, ҳали ўртадаги масофа яқин бўлгани учунми, ўзимиз талабни бошқачароқ қўйиб юборармиз-у, гоҳо унча аниқлик етишмайди, дермиз. Баъзи шоирлар ҳудди уч-тўрт қуш билан беш-олти кўкат номидан ортиғини билмайдигандай… Табиат манзаралари-ку майли, ҳануз шеъриятда шаҳар нафаси ўз ифодасини дурустроқ топгани йўқ. Ҳасрат кўп, ҳатто йигитларда. Ерга урилсак, кўкка сапчимаймиз. Аниқлик бўлмагач, иккиланиб қоласан киши: йўлбарсга қараб, мушук суратини чизиб қўяётган рассомга ўхшамаяпмизмикин, деб. Лекин бу, хайриятки, ўткинчи кайфият. Ҳамон бўш келмаётган дўстлар билан биргаликда, қолаверса, мана, атроф тўла ёшлар, давранинг ҳаққоний портретини ярата оламиз, деб ишонаман.
Эҳтимол савол туғилар: — Наҳот шеърдан ўзга ташвишинг бўлмаса? – деган маънода. Бор, албатта. Масалан, ўнга яқин драматик асар ёзганман, гоҳ театрлар қитиқлаб, гоҳ ўзим ичимга сиғдиролмай. Лекин уларни китобга киритишдан илгари ақлни бир оз пешлаб олишга тўғри келади шекилли. Сабабки, неча ўн йиллар давомида театр учун хизмат қилган ўнлаб ҳурматли драматургларимизнинг номи, ҳозирга келиб, рўйхатлардан ўчиб кетаётир. Хўш, нима учун? Саҳна талабларидами айб? Адабиётдами? Эҳтиёждами? Қаҳрамонлардами? Олимлардами? Бу масаланинг тагига етиш ҳам – ижодий иш ва, менимча, вақт талаб қилади.
Достонларга келадиган бўлсак, “ҳа-ҳа” дегунча, мана, уларнинг сони ўн саккизтага етибди (“Бир савол” шеърий романим ҳам ўшалар қаторига киради). Ҳаммасини жамланса, дўмбоққина китоб бўлиши мумкин эди. Имкониятни ҳисобга олиб, ҳозирча улардан фақат айрим намуналар бериш маъқул кўринади. Одатда мен ҳар бир асарни, воқеа руҳи ва қаҳрамон феъл-атворидан келиб чиқиб, ўзига мос кайфият билан ёзишга уринаман. Шунинг учун улар оҳанг жиҳатидан ҳам, услуб ва фикр жиҳатидан ҳам бири иккинчисини такрорламаса керак: униси кимнингдир тақдирини ёки тақдирлар ўйинини, буниси давр муаммоларини, наригиси ватандошимиз қиёфасини, яна бошқаси бирор фалсафий тугунни гоҳида жиддий ё табассум билан, гоҳ содда ё жингиртоб қилиб, гоҳ дардли ё кўтаринки руҳда таҳлил ээтади, деб ўйлайман ҳар ҳолда… Бу яхшими-ёмонми, билмадим – ўқиганлар айтгани маъқул. Умуман, аввало овози бўлса, ҳофиз қандай йўлда куйлаши – ўзининг иши. Шу билан бирга, у умри бўйи яратган ҳамма нарсаларини бир ўлтиришда намойиш этиб ташлаши ҳам шарт эмас. Бир донишманд айтган-ку: “Сувнинг таъмини билиш учун денгизни тагигача ичиш зарурми” деб.
Одамзод, янглишмасам, қирқ минг йилча яшаб, ўз ҳаёт тажрибаларини авлоддан авлодга узатиб келади, — масалан, кулол ёки созанда ўз санъатини шогирдига қўли билан ўргатиб, овчи ўзи юрган сўқмоқлари ва ўлжага бой паккалар тўғрисида тош, тахта ё қоғозда қолдирган чизгилари билан, файласуф оламни тушуниш ҳақидаги билганларини ўз таълимоти орқали… Шоирлар ҳам бу муқаддас эстафетада вазифасиз қолганлари йўқ. Уларга, менинг назаримда, халқнинг севги-вафо, инсонийлик бобидаги ҳалол тажрибасини замонлар оша олға элтиш масъулияти юкланган. Қадимий оғзаки ёки ёзма шеъриятни оламизми, ҳозирги етук жаҳон шеърияти намуналарини ўқиймизми, ҳаммасида фикримизга далил топилади. Лекин, айни вақтда, кимдир илжайиб, “муҳаббат куйчиси бўлиш ҳам ҳунарми?” дейиши мумкин. Ҳа, дейман мен, бу жуда вазмин иш! Шоир аввало ўзи ошиқ, покиза, фидойи бўлиши, яъни ўзи ҳам улуғлаётган қаҳрамонига ўхшаб яшаши керак. Бу – осон эмас. Шеърият эса харомни ёқтирмайди. Акс ҳолда шоир одатий мағиғ-гапдонга, ижод оддий тирикчилик воситасига, асар эса лаҳзали кекирикка айланиб қолиши мумкин. Шу боисданмикин, тарих минглаб қаламкашдан оқибат натижада фақат битта-яримтасига мангулик калитини беради холос.
Мен мангуликка талабгор эмасман, албатта. Ҳатто, айтишим мумкинки, салкам ярим аср аввалги, инженерлик қилиб юрган даврим хотиралари ҳануз мени тежаб-тергаб туради. Ўшанда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ўзаро текширувларга борар эдик. Ўрмон ва кўчатзорларни айланиб, туғилган фикрларни “юз иссиқ” деб ўтирмай, бетга ҳам чопмай, ўртага ташлардик. Иши муҳокамага тушган ҳамкасбимиз, мулоҳазаларни эшитгач, қўлини кўксига қўйиб деганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди:
— Ҳаммаси тўғри. Кўп едик, оз хизмат қилдик. Бу ёғига пухта бўламиз. Раҳмат…
Мундоқ ўйлаб қарасам, жуда ошириб хизмат қилмаган бўлсак-да, ҳаётдан зорланадиган жойимиз йўққа ўхшайди. Бир ижодкор, бир меҳнаткаш, бир оила бошлиғи яшаса биздек яшар-да: нонимиз бутун, номимиз ҳозирча тилда, оиламиз файзли ва меҳрибон, китобимиз дўконда ётиб қолгани йўқ, калламиз ишлаб турибди… Бунинг шукронаси сифатида, энди, бу ёғига пухта бўлсак, мевамизнинг мағзи тўқ бўлса бас. Ушбу армуғонни “жуда жиддий танланган асарлар” бўлиши учун ҳаракат қилганимнинг сабаби шунда.

08.05.2002 йил

Шоирнинг “Асирингман” (Тошкент, “Шарқ”, 2003 йил) номли китобига ёзган муқаддимаси.

БОБОЛАРИМ ЙЎЛИ ТУТАШГАНДА…

Отам Султон Назиров 1982 йил ёзида ҳаётдан кўз юмдилар. Ҳаракатчан, жамоат ишларида куйиб-пишиб юрадиган киши уйда ўлтириб қолиш ва нафақахўрлик юкини кўтара олмадиларми, ким билсин… Бир борганимда бошлари титраб турганини кўриб, овозлари бир оз сўниб қолганини сезиб, юрагим “жиғ” этган эди. Лекин мен ҳам, ҳамма ёшлар сингари, тез орада отадан айрилишим мумкинлигини кўз олдимга келтирмаган, яшовчанлик қудратидан умидвор эдим.
Қўқон оша Попга етиб, уйимизга кириб борганимда отам ҳали ҳушёр бўлсалар-да, тиллари гапга келмай қолганди. Сингиллар ва укаларим билан бирга у кишининг сўнгги нафасларигача бошларида турдик.
Сўнг мотам митинги бўлди: маориф бўлими раҳбарлари, эски қадрдонлар дардли дил сўзларини изҳор этишди, дўстлари ётажак жойнинг нурли ва момиқ бўлишига умид билдиришди.
Отамни қўйиб қайтганимиздан сўнг уч-тўрт кун фотиҳага келувчилар сафи анча қалин бўлди: узоқ-яқин маҳаллалар, қариндошлар ва уларнинг қўни-қўшнилари, бир-бирларидан эшитиб, бир оғиз юпанч сўзларини айтиш учун қадам ранжида қилиб туришди. Кейинроқ олис-олис қишлоқлардан ҳам мен таниган-танимаган қадрдонлар бир-бир кўнгил сўраб кетишди. Ҳаммаларига раҳмат.
Келди-кетди билан овора бўлиб, худди шу кунларда шаҳар ижроқўмидан юборилган бир парча қоғозга унча эътибор ҳам қилмабмиз: унда бизнинг (яъни мен туғилган) уй йўлга тушиб кетажаги муносабати билан отам оиласига бўш давлат уйларининг биридан квартира ажратилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ниҳоят фотиҳахонлик оёқлаётган кунларнинг бирида, отамнинг жиянлари Меҳмонхўжа ака ва энг яқин дўстлари Комилжон ака учовимиз қолдик. Комилжон ака тумандаги дастлабки маориф ходимларидан. Умри мактабларга раҳбарлик қилиб, маданият соҳасини тебратиб ўтган. Менга ҳам муаллимона оҳангда, вазминлик билан савол ташлаб қолди у киши:
— Ҳусниддин, бувангиз ҳақида Назиров ҳеч гапириб берганмиди?
Мен бош чайқадим. Тўғри, бир вақтлар онам менга “ўғлим, опоғдаданг қабрлари устида попликлар туғ кўтаришган” деган эдилар. Бу билан, эҳтимол, қолганини отангдан сўраб ол, демоқчи бўлгандирлар. Мен эса, ўшанда бепарволик қилганимни мана энди тушундим. Буни сезган Комилжон ака, онгимдаги ўша кемтикни тўлдириш учун бўлса керак, ҳали ўзлари ҳам кўз очмаган олис йиллардан сўз очдилар.
XIX аср оёқлаб, XX аср эндигина ўз йўлини пайпаслаб келаётган йиллар. Қўқон, Намангон сингари йирик шаҳарлардан йироқда жойлашган Поп қишлоғининг аҳли вақтида ўз тошлоқ тупроғига уруғ сепиб, вақтида хирмон кўтариб, топганлар ўз тақдирига шукрона айтиб, топмаганлар келажакка умидвор кўз тикиб, кун ўтказарди. Бугун бир маҳаллада кимдир худо йўлига ис чиқарса, эртасига кимдир фарзанд кўриб, унинг қулоғига азон айттириш ҳаракатида бўларди. Меҳнаткаш одамлар руҳонийликка муккасидан тушмаса-да, ўз турмушларига сингиб кетган намоз, худойи, зиёрат каби вазифаларни сидқидилдан адо этишар, рўзаю ҳайит деганларингизни орзиқиб кутишар, хуллас, икки дунё олдида қарздорлик ҳиссидан озод, енгил нафас олиб яшашарди. Қишлоқ имоми ҳам, вақти келса салласини қўндириб, эл олдидаги вазифасини адо этар, хуллас, вақти келса енгини шимариб, экин-тикинига қарарди, ўз жойида салобат сотиб, ўз жойида ҳазил-мутойибани астагина ўрнига қўядиган киши эди. Афсус, афсуски, ҳар қандай умрнинг чегараси бор: имом ҳам (Попда имомни эшон деб аташади) кунларнинг бирида бандаликни бажо этди.
Эскиларда “Қадрингни синамоқчи бўлсанг, ё кетиб боқ, ё ўлиб боқ” деган нақл бор. Рост экан: эшоннинг қадри энди билинди – айниқса жанозаталаб ҳоллар юз берганда! Кимдир эл олдига дастурхон ёзганида ҳам уйнинг тўри ҳувиллаб турадиган бўлиб қолди энди. Шу билан бирга, ҳаётни мусулмончилик қоидалари асосида тебратиб туриш учун у ёки бу кишининг айрим илоҳий сураларни ёд билиши ҳам етарли эмаслиги сезила бошлади. Ҳамқишлоқларнинг ўзаро баҳс ва даъволарини ҳал қилиш эса, чуқурроқ билимли киши бўлмаса, муаммога айланиб кетиши маълум бўлиб қолди. Хуллас, ҳаёт ўз ўзанида равон давом этиши учун кексаларга маслаҳатгўй, ёшларга никоҳ, болаларга дуо ўқишга лаёқатли бир инсон керак эди: узоқ-яқиндан дараклай бошлашибди азаматлар.
Натижа бўлавермагач, маслаҳатлашиб, юқорига – Чоркесар томонларга бир кишини, жанубга – Хўжаобод йўлига яна бир кишини, кунчиқар – Чуст йўлига бир кишини, йўлнинг ғарбий давоми – Чодак томонларга яна бир кишини пойлоқчи қилиб чиқаришибди. Уларга, ўша тарафларда қиёфасидан билимдонлик нури ёғилиб турган бирор бир йўловчи ўтиб қолса, аввал озгина ўсмоқчилаб, кейин, унинг тафаккурига ишонч туғилгач, қишлоққа таклиф қилиш ва меҳнат аҳлининг эшонлик мартабасини қабул қилиш ҳақидаги истак-илтимосини етказиш топширилган эди.
Вақт ўтаверибди. Бошқаларда нима гап бўлганини айтиш қийин-ку, аммо кунчиқар томон чиққан пойлоқчи рўпарасида ниҳоят Олмос тарафлардан, сой бўйлаб келаётган бир йўловчининг қораси пайдо бўлибди. Остида – хачир. Яқинроқ келгач, бошидаги бамаънигина салласи, мош-биринч соқол-мўйлаби ҳам кўзга ташланибди. Тўхтаб, танишибдилар.
Тақсирнинг исм-шарифлари Назирхўжа экан. Қолаверса, эскича илмдан насиб қилганича хабарлари бор экан. Далил сифатида, шундай яйдоқ чўлда унга рўпара келиб, салом берган банданинг ҳаққига узундан-узоқ дуо қилибдилар. Пойлоқчи йигит, хачирнинг жиловидан тутиб, ўша амаки билан бирга-бирга қишлоққа келишибди. Бу ерда уни катта-кичик ўртага олиб, озми-кўпми савол-жавоб бўлибди. Кўнгиллар тўлгач, меҳмонни қишлоқда рўй берган аҳволдан огоҳ этишиб, ундан эшонлик рутбасини қабул қилишни сўрашибди ва розилигини олишибди ҳам… Бу “сайлов”да қишлоқ аҳли ҳам, номзод ҳам янглишмаган кўринади: Назирхўжа эшон, ўша-ўша Попнинг ўз одами бўлиб қолди – мана, бир аср муддат ўтиб, замонлар ҳақида фикрлар неча бор ўзгарса-да, ҳали-ҳануз у киши таърифига бирор оғиз совуқ сўз айтилганидан хабарим йўқ.
Назирхўжа эшоннинг бир қизлари ўзи туғилган Зувутғон қишлоғида, иккинчи қизлари Намангон шаҳрининг Исфаҳон бозори ортидаги маҳаллада уй-жойлик бўлиб, узоқ умр кўришди. Попга ўрнашиб олганларидан кейин, бувам бу ерда Саидбурхон исмли фарзанд кўрдилар. Уйларимиз ёнма-ён эди. У кишиникидан чиққан ариқ бизнинг ҳовлини кесиб ўтарди. Лекин, ўртада, унча баланд бўлмаса-да, девор ҳам бор эди. Амаким мени “Ҳўсниддинбой!” деб, бошларидан ошириб ўйнашни яхши кўрардилар. Ўшанда, мўйловлари тегиб кетса, жуда ғашим келарди, қочвориш пайига тушиб қолардим. Афсус, Саидбурхон амаким урушга сафарбар этилиб, бедарак кетдилар. Тошкент марказида жойлашган муҳташам Хотира майдони айвонларидаги темир дафтарларда у кишининг ҳам номи бор.
Отамга дастлаб (1908) Султонмаҳмуд деб исм қўйишган экан. Кейинча, замон тезоблашиб кетгани учунми ёки бирор бошқа сабаб туғилибми, номларидаги “Маҳмуд” ва фамилияларидаги “хўжа” қайгадир ғойиб бўлибди. Лекин бу йўқотишдан ҳеч ким узоқ қайғуриб ўтирмади чамамда. Негаки, менинг отамни фақат мен эмас, бутун попликлар, ҳатто олис қишлоқларнинг ёшу қарилари “Ота”, “Назир ота” ёки “Назиров ота” деб аташарди. Туманда у кишининг нутқи янграмаган жой йўқ эди ҳисоб: сиёсат деганингизни қийиб юборардилар. Ҳатто мен – муштдаккина болага ҳам, сандалда ўтириб, Гоминдан ёки Чанқайши ҳақида нутқ сўзлаб юборишлари ҳеч гап эмасди. Бу сўзга чечанлик уларга оталари Назирхўжадан юққан бўлиши мумкин деб ўйлайман.
Онамнинг оталари, яна бир опоғдадам Убайдулла Исматиллаевнинг ҳаёти ундан ҳам қизиқроқ, рангго-рангроқ бўлган. У киши ўша замоннинг янги руҳ касб этган, ўзига тўқроқ оиласига мансуб бўлгани сабабли (масалан, опалари Ҳожибиби ачамизнинг уйларида граммофон борлигини эслайман), ёшлигида рус-тузем мактабида билим олган; кейин оила тебратиш зарурати туғилгач, қилич тақиб, ҳукуматга соқчи сифатида хизмат қила бошлаган, деб эшитганман қариндошлардан.
Намангон шаҳрининг марказидаги вилоят музейи ўрнида илгари пионер ва ўқувчилар уйи бўларди. Ундан ҳам бурун, подшолик йилларида бу бир қаватли, аммо кўп хоналар ва икки-уч юз киши сиғадиган томоша залидан ташкил топган қадди тик бино ҳоким тўранинг саройи бўлиб, ҳозирги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи билан туташ эди. Боғнинг шарқий биқинида деворларида ростакам ўқ отиладиган беҳисоб тешик-“кўзли” ҳарбий истеҳком – қалъа бўларди. Уруш йиллари бу қалъада янги ҳарбий хизматга чақирилган чавандозларнинг от устида қилич ўйнатиб, қатор ўрнатилган билакдай-билакдай новдаларнинг “бошини олиб” машқ қилаётганларини ўзим кўрганман. Опоғдадам ёш маҳалларида мана шу боғ ва қалъа атрофида тартибни қўриқлаш билан шуғулланган эканлар.
Биринчи жаҳон уруши авжга миниб, жанг садолари Туркистон ўлкасини безовта қила бошлаган кезларда “мардикор” сифатида сафарбар этилган бир гуруҳ ҳамшаҳарлари билан поездга миниб, Северодвинск томонларда ҳам насибаларини териб, хайрият, соғ-омон қайтибдилар: таржимонлик қилган бўлсалар керак!
Таржимонлик ўз юртларига қайтгач, жуда-жуда кор келибди. Подшо даври забун бўлиб, янги ҳукумат бетаъйин бир паллалар эди: у кишига аввалги ўринларини қайтариб берадиган кимса қайда дейсиз?! Шунинг учунмикин, оз-моз паришон юриб, дараклай-дараклай, охири олис Чуст шаҳридан ўзларибоп машғулот топибдилар. Юрт алғов-далғов, ким қувиб – ким қочган, далаларни ажриқ босиб қолган кунларда бу шаҳарча аҳлининг соғлиғини ўйлаган русиялик инсофли докторлар ўз шифохоналарини ёпмасдан ёки ташлаб қочмасдан, ишларини одатдагидек давом эттиришибди. Фақат бир муаммо бор эди, у ҳам бўлса – тил билмаслик! Ана шу муаммони ечиш вазифаси опоғдадам зиммаларига тушибди.
Менинг 1962 йилда ёзилган “Малҳам” деган шеърим бор. У шундай бошланади:

Бобом тилмоч экан касалхонада,
Обрўси ҳам баланд, қадди ҳам баланд.
Эрта-кеч шифокор руснинг ёнида
Дилларни дилларга этарди пайванд.

Ажиб рус сўзлари бобом тилидан
Сайроқ шалоладай қуюлар эди.
Олис ўлкаларнинг еллари бирдан
Юзга урилгандай туюлар эди.

“Мардикор”лик баҳонасида қилинган хатарли сафарга ҳам, йўлини топиб, ишора этиларди унда:

Уйғонар шовиллаб қайинзор ўрмон,
Волга бўйларига учади хаёл.
Тилсимот бўлгандай ногоҳ намоён,
Кекса-ёш бир нафас қолар эди лол.

Аждодлар билан фахрланиш ҳиссига йўғрилган ушбу сатрлардан бир оз кейин, шеърнинг хулосасида, мени қизартириб қўядиган бир лавҳа бор:

Бобом тилмоч ўтган касалхонада,
Табобат илмини билмасди аммо.
— Бу замин барчага бўлсин она, — деб,
Биз замин дардига топамиз даво.

Мен бу билан, албатта, биз оталар ишини давом эттирамиз, улар шаҳар савиясида бошлаган ишни жаҳон савиясига кўтарамиз, деб садоқат изҳор этганман, бу фикрдан ҳозир ҳам тонмайман. Лекин гап бошқа ёқда: опоғдадам Чуст касалхонасида тилмочлик қилган йилларини фақат ўз вазифаларини бажариш билан ўтказмай, ўша ердаги рус ва татар врачлардан, бир шогирд сифатида, даволаш илми ва усулларини ҳам ўрганганлар. Бунинг исботи сифатида айтишим мумкинки, орадан бир неча йил ўтиб, юрт ҳаёти изга тушиб кетгач, халқ саломатлигини сақлаш масаласи яна кун тартибида ўз ўрнини топганидан кейин, опоғдадамни янги мутахассис эмчи-фельдшер сифатида Попга жўнатишди. Попда уни бир эгар-жабдуқли от ва дори-дармон тўла хуржун билан таъмин этишди. Ўша пайтларда фақат марказдагина эмас, туппанинг тагидаги қишлоқларда ҳам янги мактаблар туғилиб, бола-чақа деганингиз ўз ҳаётини мажбурий равишда қўлига қалам олиб бошлаётган эди. Опоғдадам ана шу катта-кичик мактабларни айланиб, муаллим ва ўқувчиларни навбати билан чечакка қарши эмлаб чиқар эдилар. Дарров енгини шимариб, билагини тутганларнинг пешонасини силасалар, бўйин товламоқчи бўлганларни пўписа қилиб кўндирардилар: бир вақтлар ҳарбий хизмат тузини тотганлари шунда иш бериб қоларди. Хуллас, тез орада опоғдадам эл орасида ҳурмат билан “Чечакчи бува” деб, рафиқалари – Ҳидоят ачам эса “Намангонлик ая” деб атала бошладилар.
Ишлари юришиб кетганига ишонч ҳосил қилгач, у киши Намангондаги ҳовлиларининг бир бўлтагини сотиб, пулини Чустда орттирган-тутдирганлари билан жамлаб, Попда яхшигина уй сотиб олдилар: томи баланд, шифти вассажуфтли, деразалари бир қулоч, олдида кенгу мўл айвон ёғоч каравотлари билан, узумзор ҳовлининг пасти – сойга етгунча полиз ва мевазор. Ҳовли дарвозаси ва катта кўча ўртасида қирқ газли ҳовуз — ёзда бутун маҳалла унинг сувини ичар, қишда эса устида болалар мазза қилиб муз сурар эди.
Энг қизиқ ва муҳими шундаки, Убайдулла опоғдадам ва Назирхўжа бувамнинг уйлари қарийб қўшни бўлиб, ораларида фақат иккита ҳовли бор эди холос.
Мен ҳозир гапни ота-онамнинг ёшлик йилларига бурмоқчи эмасман. Аксинча, боболарим ўз инсоний табиатлари ва касблари жиҳатидан бир-бирларига ҳеч ўхшамасалар-да, тақдирлари беғуборлиги билан ўхшаб, ҳатто бирларининг кемтигини иккинчилари тўлдириб тургандай туюлади менга. Алғов-далғовли ўттизинчи йилларни кўз олдингизга келтиринг: отаси ё онасининг бўйнига қандайдир айб қўйилган фарзандларнинг қанчадан қанчаси узоқ йиллар очиқда ёки панжара ортида жабрдийда бўлиб ўтган, ижтимоий зинапоянинг қуйи поғоналарида энтикиб яшаган, билим эшикларини кенгроқ очгани ожизлик қилган. Минг шукрки, эшоннинг ўғли – менинг отам Султон Назиров ёшликдан ҳаётнинг энг жўшқин тўлқинларида қулоч отиб, аввал муаллим, сўнг туман маориф бўлимига мудир бўлдилар, бу бўлим ўша пайтларда маданият ишларини ҳам бошқаргани сабабли тумандаги ёш ва кекса санъатсеварларни ўз қанотлари остида эҳтиётлаб асрадилар. 1942 йил 1 сентябрида Республика Олий кенгаши фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”, кейинроқ “Халқ маорифи аълочиси” унвони билан тақдирландилар. Энг оғир уруш йилларида райкомга таклиф этилиб, узоқ муддат ташвиқот ва тарғибот бўлимини бошқардилар. Яна маориф соҳасига қайтиб, Тегирмонбошидаги 21-тўрт йиллик мактабни, жамоа хўжалиги раҳбарлари билан баҳслаша-баҳслаша, ўрта мактаб даражасига еткизгунча директорлик қилдилар.
Кунларнинг бирида, Тошкентда мен билан учрашиб, атрофга бир қараб олганларидан кейин, оҳиста кўнгил ёрдилар:
— Ўғлим мактаб жуда кенгайиб кетди. Болалар шўх. Танаффус пайтида йўлакдан ўтгани чўчийман: югур-югур, ғала-ғовурдан бошим айланиб қоляпти…
— Пенсияни расмийлаштиринг, — дедим мен гапни чўзмасдан.
— Сиёсий ходимнинг пенсияси каттароқ,.. Аммо, маорифчиники озроқ бўлса-да, анча-мунча имтиёзи бор…
— Бўпти, иккиланавермай, гардкам деб, биттасини олинг-да, гаштингизни суриб яшайверинг!
Шундан сўнг отам, шунча йиллик мураккаб меҳнат фаолияти давомида ўзларига зарра доғ қўндирмай, пенсияга чиқиб олдилар.
Убайдулла опоғдадамга келсак, ёдимда:
Урушдан аввалроқ эди. Кимдир мени Попга олиб кетди. Ёш боламан, жоним ичимга сиғмайди – уйимизда озгина ўлтирибоқ, опоғдадамникига югурдим – у ерда гаплашгани Солия холам, Аҳмадали акам ва мендан ёшроқ амаким Муҳаммадали бор эди. Катта кўчадан бурилгач, қадрдон ҳовуз олдида тўхташга тўғри келди: уч-тўрт қўшни бола бақир-чақир қилиб, ҳовузга калла билан ташланар, оз-моз ғойиб бўлиб тургач, қўлида бир бойлам китоб билан сувдан қалқиб чиқар ва бор овозини намойиш қилганича, қирғоқда турганларга узатар эди. Қарасам, бунақа бойламлар битта эмас, уч-тўрттага бориб қолибди. Нима гап эканини суриштирсам, бу эски китобларни қандайдир руҳоний кимсалар ўз айбларини яшириш мақсадида ҳовузга ташлаб кетганини айтиб беришди болалар.
Ўша маҳалларда юқори синф дарсликларида сурати босилган раҳбар ва доҳийларнинг айримлари қалам ёки ручка билан чизиб ташланганини, айримларининг кўзи ўйилганини кўрган эдим. Лекин уларнинг кўпчилиги асосан руснамо қиёфада бўлиб, номаълум муллаларга асло-асло ўхшамасди.
Ичкарига кирдим. Қарасам, илгарироқ сув асирлигидан қутқарилган анча-мунча ўшанақа китоблар, боғичдан озод этилиб, қуритиш учун кенгу мўл айвон токчаларига ёйиб қўйилибди; қолганларини ҳам шу тариқа ҳаётга қайтаришса керак. Араб ҳарфлари билан ёзилган бу бойлик кимники эканини суриштирсам, опоғдадамларникидагилар елка қисиб қўя қолишди. Ёш эканман, бу муаммо менинг бошимни ҳам узоқ оғритгани йўқ. Фақат анчагина йиллар ўтиб, тирик тарихдан озми-кўпми хабардор бўлганимдан кейингина ўзимни сўроққа тутдим: “Ие, ўша китобларни кимдир уйида яширин сақлагани қўрққан бўлса-ю, менинг опоғдадам уларни ҳовлига аён-ошкор ёйиб қўйган бўлсалар, у киши бу “намойиш” учун ўзларига қандайдир “гап тегиши” мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмадилармикин?” деб. Бу саволга фақат боболаримнинг ҳаёти жавоб бериши мумкин эди.
Назаримда, уларнинг икковлари ҳам, ҳиссиётларига эрк бермай, нотинч замоннинг турли-туман сабаблар билан туғилган ур-сурларига шўнғишдан ўзларини тийишган; бу баракали қишлоққа узоқми – яқинми, ҳар ҳолда, четдан келиб қолганлари сабабли, бунинг устига эл ичида обрўлари етарли бўлиб, қандайдир мансаб ёки имтиёзга эҳтиёжлари йўқлиги учун тарафкашликка берилишмаган, сиёсат ҳам ўйнашмаган бўлса керак. Назирхўжа бувамдан Попда отамга на ҳашаматли уй-жой, на катта боғ-роғ қолган: теккани – фақат яхши ном! Демак, у киши зарур шароитларда ҳеч кимнинг кўнглида армон-гудурат қолмаслиги учун қадимий урф-одатларни адо этишга ёрдам берган, аммо тамагирлик билан ҳеч кимнинг қўлига қарамаган, мурид овлаб юрмаган, оиласини тили билан эмас, меҳнаткаш қўли билан боққан деб айтсам, хато бўлмас.
Убайдулла опоғдадам ҳам назариётчилардан эмас, ҳамма ишни шифокор пичоғи, шприц ва шунга ўхшаш нозик тиббий асбоблар билан бажарардилар. Кейинча, шаҳарчада замонавий шифохоналар қад кўтариб, юзлаб янги мутахассислар пайдо бўлгач, “Чечакчи бува”га эҳтиёж қолмаганида ҳам, бу соҳани ташлаб кетмадилар: то 1956 йилгача марказдаги дорихонада провизор бўлиб ишладилар. Сўнг, тақдир экан, оилалари билан Намангон шаҳрига қайтиб, Орифбоққол гузаридаги ўз уйларида умргузаронлик қилдилар, шу ердан сўнгги йўлга чиқдилар.
Хулоса сифатида айтишим мумкинки, Назирхўжа бувам ҳамқишлоқлари юрагини соғломлаштириш йўлида хизмат қилиб ўтган бўлсалар, Убайдулла опоғдадам уларнинг танини даволаб яшадилар. Бир сознинг икки ҳамоҳанг тори, деганлари мана шу-да!
Поп марказида Маданият саройининг рўпарасидан кунчиқар томон кўтарилган кенгу равон кўча бор. Авваллари Тегирмонбоши тарафлар дейиларди, кейин доҳий номи билан аталди. Ҳозир Ҳазрати Боб кўчаси. Кўча Шимолий Фарғона каналидан сакраб, ярим чақиримча ўтгач, мен туғилган уйни босиб-текислаб, Убайдулла опоғдадамнинг собиқ уйлари этагини ўпиб, юқорига кўтарилади-да, аста попликларнинг қадимий қабристонига бориб тақалади. Отамнинг ҳам, Назирхўжа бувамнинг ҳам сўнгги оромгоҳлари шу ерда: оралари унча узоқ эмас.

10.11.2006.

 

ҚЎШИҒИМСИЗ, ОНАЖОН

Табиийки, мен отам билан онамнинг тўйларига иштирок эта олмаганман. Лекин, тақдир экан, улар қандай ажрашганларининг ягона шоҳиди бўлганман. Ўшанда 1936 йил қиши оёқлаб, баҳор кирайми-кирмайми деб тараддудланиб турган пайтлар эди.
Вақт ғира-шира. Янгийўл туман халқ маорифи шўьбасининг мудири бўлиб ишлаётган отам Султон Назиров уйга қайтиб, чироғимиз ёқилгач, одатдагидек салом-алик, кейин катталарнинг бир-бирларига кун қандай ўтгани ҳақида ҳисоботлари бўлди. Сўнг негадир овозлар кўтарила бошлади. Бора-бора, эшикни ёпгач, пойгакка чўккан онам билан юқорироқда кийимини ўзгартираётган отам ўртасидаги сўзлар жуда кескинлашиб кетди. Мен бу гапларнинг тагига етмасам-да, эҳтиёт яхши деб, онамнинг чап пинжига тиқилдим. Ҳисобни чакки қилган эканман шекилли, сал ўтмай, отам ечиб онам томон отган этик менга келиб тегди. Санъат тили билан тушунтирадиган бўлсам, дарҳол садолар бойиб, жанговар дуэт жўшқин триога айланди. Лекин, чамамда, менинг авжим ҳамманикидан баландроқ эди. Ана энди, катталар бирлашиб, мени тинчитиш билан шуғулланиб кетишди. Баҳс ҳам тинди.
Эртасига ҳаёт яна ўз сокин йўлига тушиб олди. Ота-онам бир- бирларини силкитмай, ҳатто мен бор жойда товушларини пасайтириб гаплашадиган бўлишди. Ўт ўчирувчилар идораси олдидаги майдонча бурчида сураткаш дўкони бўларди. Ўша ерга бориб, ўнг ёнимда отам, қўлимда гармончам билан суратга тушиб қайтдик. Кейинги кунлар ҳам ширинчилик билан ўтди. Отам мени эркалатиб, бошдан ошириб ўйнатганлари ёдимда. Фақат бир нарса ёқмаганди: қўлтиғимдан тутиб юқорига отганларида, қитиғим келиб қиқир-қиқир қиларканман, у киши бир сафар :
-Тилинг зўр-ку, қани, оғзингни оч-чи, яна бир кўрай, — деб қолдилар ва оғзимни очсам, кулганча, енгилгина тупуриб қўйдилар. Мен ҳам кулишга мажбур бўлдим. Кўп ўтмай, ўшандай яхши кайфият билан она-бола поездга ўтирдик.
Уч инсон тақдирига тааллуқли жиддий бир воқеа шундай силлиққина битиб кетишига ишонмассиз, албатта?! Тўғри қиласиз. Мана, поезд така-туклаб боряпти. Мен уни қўлларимдаги хаёлий руль-ричаг билан тўхтаганида юргизиб, юрганида тезлигини бошқариб кетяпман. Машинистлик ҳам оғир иш экан, чарчатди мени охир: кўзим илиниб қолибда. Бир вақт қий-чув қўпиб, мени кимдир қўлида кўтариб турганида уйғониб кетдим. Поезд тўхтаган. Ташқари — нимқоронғи. Ҳамма — менинг атрофимда: мени уйғотиб, поездни ўзинг юрғизиб юбор, демоқчиларми, нима бало… Йўқ, онамнинг титраб-қақшашларидан англадимки, мени мудроқ босганидан кейин юқори қаватдаги ўринга ётқизишган экан; пастдагилар ўзаро ҳангомани қизитиб бораётганларида, мен босинқирабманми — билмадим, ёки ноқулай ётиб қолган эканманми, — дераза ойнасини тепиб юборибман, у синибди. Оёғимни тортиб оламан деб яна ўша томон сурилиб кетибман… Кимдир менга ёпишибди, кимдир — йўлакдаги поезд тўхтатадиган тутқичга!
Кондуктор деразани қандайдир тахтами, картон биланми тўсди-ю, ҳеч кимдан жарима талаб қилмади. Назаримда, у менинг поезд бошқаришда кўрсатган хизматларим-дан хабардор экан-да! Поезд яна йўлга тушди. Уйқуга кетишдан аввал айтиб қўяй, мен бу воқеани ўз қаҳрамонлигимнинг бир намунаси сифатида эмас, ўша замонларда поезд деразаларига қўйиладиган ойна анчагина сифатсиз-мўрт ишланганини эслатиш учун тилга олдим холос.
Нима бўлишидан қатъи назар, поезд бизни ниҳоят Намангон шаҳрига келтириб ташлади. Биз — она-бола — опоғдадамнинг бўш ётган ҳовлиларида яшай бошладик. Ҳовли шаҳар марказида — Тўрақўрғон кўчасидаги Орифбоққол гузарининг орқагинасида жойлашган бўлиб, баланд қилиб қурилган вассажуфт шипли, қўш деразали бир уй, бир даҳлиздан иборат эди. Онам Турғуной Хўжаева 1914 йили шу гўшада таваллуд топганлар. 1936 йил сентябрида эса синглим Гавҳархон шу ҳовлида кўз очди.
Кейинроқ, журналист сифатида одамлар билан кўп суҳбатлар ўтказганимдан сўнг, отамни ҳам :
— Нега ажрашган эдинглар ўшанда? — деб сўроққа тутганимда, у киши :
— Ҳе, Турғуной партизан эди, — деган қисқа жавобни берган эди кулиб.
Отам 30-йиллар боши — мамлакат оҳиста ривож зинапояларидан кўтарила бошлаганида Попдан Тошкентга, маориф Халқ комиссариатига чақирилиб, у ерда бир мунча вақт ишлаган. Ижарада туришган. Кейин, бир оз раҳбарлик синовидан ўтгач: Янгийўл, кўчманчилик, ғариблик… Энди ўйлаб қарасам, онамнинг бошқоронғи эканлари, бунинг устига бегона юртда бекор ўлтириб қолганлари ҳам ўтни алангалатган бўлиши мумкин. Хуллас, икковлари ҳам ёш бўлганлари учун ёки ёнларида “ҳай” деб тургувчи улуғроқ инсон бўлмагани сабабли “этга бет, бетга нет қўшилиб” деганларидек, суҳбат баҳсга, баҳс қўрсликка айланиб кетаверган ва, ниҳоят, уларни этак қоқиб кетиладиган кўчага киритиб қўйган, чамамда. Мен бугун — етмиш беш томон бораётиб чўтласам, икковларининг ўшандаги ёшини жамлаганда, фақатгина элликка етарди холос, ахир!
Ўша йилларда саводсизликни битириш ва чаласаводлар (қисқартириб айтганда, с/б – ч/с) мактаблари бўларди. Онам Намангонга келибоқ ўшанақа мактабда муаллимлик қила бошладилар. Мактабнинг бир бўлаги Тўрақўрғон кўчасининг шаҳар истироҳат боғига тақалган жойидаги “Кушойиш” артели ҳузурида бўлиб, бу корхона ширинликлар ишлаб чиқарар, онам ишдан қайтганларида менга бир сиқим-бир сиқим сўриладиган қизғиш конфет олиб келар эдилар. Шунинг учун ўша ердан ҳозир ўтганимда ҳам оғзимда қандайдир ширин кайфият пайдо бўлади. Мактабнинг яна бири – уйимизга яқинроқ “Янги ривожия” артелига қарашли бўлиб, унинг бадиий ҳаваскор ёшлари Орифбоққол гузаридаги чойхона саҳнасида кўрсатган концертлари билан ёдимда қолган. Дарвоқе, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институтининг устоз муаллими Ҳадия Юсупова ўша корхона дарвозасининг рўпарагинасидаги, тегирмон ариғини ёқалаган одмигина ҳовлида кўз очган, кейинча менинг синглим билан бир синфда ўқиган эди.
Ишлари кўпайган сари онамнинг кайфиятлари ҳам тобора ёриша бошлади. Маҳалламиздаги оилаларнинг баъзиларида дутор, қарийб ҳаммасида чилдирма бўларди. Бизникида ҳам. Мен ушбу сатрларни онам ўша кунларда ёлғиз чилдирма чертиб, хиргойи қилганларида эшитганман.

Қибладан келган шамолга жумла олам қарашар,
Бойнинг ўғли Болтахонга барра пўстин ярашар,

деганларини эшитганимда менга отам изимиздан совға қилиб юборган сарғиш пўстинимга ишора қиляптилар деб, камтарона қизариб қўярдим.

Ҳовада парча булут, ёмғир ёғиб            ўтгаймикин,
Дунёда ҳеч бир киши муродига етгаймикин,

деган сўзларининг мағзини чақишга эса ҳали тишим ўтмас эди.
Умуман, ўша маҳалларда одамларнинг завқи анчагина баланд бўлган шекилли. Баъзида маҳалла ёш аёллари ( жумладан, ҳали йигирма бешга етиб-етмаган менинг онам ҳам) йиғилиб кўнгил ёзмоқчи бўлишса, ён қўшни дўстим Дадахўжанинг онаси Мастонхола очиқ кўнгил билан уйини бўшатиб берарди. Ана ялла-ю, ана “Ёр-ёр”! Чимилдиқ тутиб, келин ҳам туширишарди. Ўртада соддагина дастурхон, лекин юзларда яшнаган қувонч ва завқни ифодалашга қалам, томоша давомини айтишга тил ожиз, негаки деразага пашшадек ёпишган болаларни, жумладан мени ҳам ҳайдаб юборишарди… Шундай бўлса ҳам, кўзимнинг бир чети тушиб қолган эканми, “Бир савол” деган шеърий романимнинг 9-бобини ўша томошалар ёди безади.
Мана, бош қаҳрамоним Хайрихон уруш энг қизиган, ҳовлиси фабрикага тушиб кетган кунларда Ҳамро деган эски қадрдонининг уйида яшаб турибди. Ишдан қайтгач, мунғайиб ўлтирмай, ўз кўнгилларини ўзлари овлаб яшайдилар: ана, Ҳамро

Хайрихонга ғалати қараб,
Кириб чиқар қўшни хонага
Ва эрининг салласин ўраб,
Ўртоғининг қўнар ёнига…
Қора нонни майдалаб секин,
Гулқоғозга ўрар оҳиста.
Хайрихонга узатар кейин
Увоғини мисоли писта …

Адабиёт ёки кинода онани кўпинча бола боқаётган ёки тўрда ўлтириб, ёшларга фотиҳа бераётган тарзда тасвирлашади. Мен онамнинг умрларини йўлга ўхшатгим келади. “Гавҳар қизимнинг ҳоли нима кечдийкин ?” деб, бехосдан Чустга отланиб қолардилар. Орадан бир неча кун ёки ҳафта ўтар-ўтмас поездга чиқиб, ҳеч қанақа хабар бериб ўлтирмай, бизнинг Тошкентда, Инженер кўчасидаги уйимизга кириб келардилар. Ҳар бир келишлари эса мен учун бир дарс бўларди.
1962 йил бўлса керак, навбатчиликдан чиқиб, “Шарқ” босмахонасидан уйимизга тушлик қилгани келсам, онам ҳовлида ўғлим Рустамни кўтариб юрибдилар. Рафиқамни тарбиялаб қўйиш мақсадида танбеҳ бердим :
-Бу қанақа гап — абам меҳмон бўлсалар, ёшлари бир жойга бориб қолган бўлса, бола кўтартириб қўйиш уят эмасми ? — деб.
Лекин хотин ҳам бўш келмай :
-Ачамлар ўшанча йўл босиб, сизу биз билан озгина гаплашиб ўтиргани келганлар. Сиз эса газетангизнинг орқасидан югурганингиз-югурган. Ачам бечора юракларини шу ширин бола билан ёзадилар-да, — деб мот қилди мени.
Ҳақиқатдан ўшанақа кунларда она-бола тўйиб гаплашиб олишимиз керак экан. Онамнинг қачонлардир “Эркак киши уйнинг пири бўлади” деб айтган сўзлари менга йиллар оша ўғлим Рустамжон орқали етиб келди. Менинг қулоғимда эса у кишининг, бояги воқеадан бир неча кун ўтгач: ”Сарбар қизимнинг қон босими озгина кўтарилиб қолувди, бугун нима бўлдийкин?” деган сўзлари садо бериб турибди ҳамон. Йўлга тебраниб қолганларида, на чора, поездга ўтирғизиб, Намангонга жўнатиб қўймагунингизча тинчимасдилар. Умуман мен онамнинг тиниб-тинчиб ўтирганларини кўп эслай олмайман. Борди-ю, ҳамма болаларидан кўнгиллари тўқ бўлса, ёнларида невараларининг бирортаси билан автобусга чиқиб, гоҳ Янгиқўрғон атрофидаги Балиқли мозор зиёратгоҳида, яна бир кун қадрдон Фарғона оша Шоҳимардонсой соҳилида пайдо бўлиб қолардилар.
Биласизми, яқинда ўз китобларимни тартиблай туриб, 1964-65 йилларда ёзилган “Тановар” достонимни кўздан кечирарканман, онам юрган йўллардан бирга, такрор ўтгандай бўлдим: гоҳ қоғоз-қалам, гоҳ белкурак, гоҳ чилдирма тутиб, мамлакат билан тенг қад тиклашлари, уруш йилларининг заҳматлари, фарзандлар дардда қолмасин деб нозик елкаларини тирговуч қилишлари, ҳатто дардни ҳам қўшиқ билан енгиб ўтишлари … Йўл… Чангиб ётган йўл эмас, икки чети кун сайин обод бўлаётган, паст баландликлари баҳоли-қудрат текисланиб бораётган йўл… Йўл узра эса нафис бир нидо:

Кулиб хайрлашайлик,
Гинани қўйинг,
Сиздан миннатдорман, ўтган йилларим,
Қани, қўлни беринг, шиппакни кийинг,
Кенгликка чиқайлик, қиз-ўғилларим !

Шу ўринда, бундай ҳаракатчанликни ёлғиз жоннинг беоромлигидир, деб ўйламаслигингизни сўрайман. Негаки, онам урушдан аввал, менинг суннат тўйимни ўтказганларидан кейиноқ, турмушга чиққан, отам ҳам Хайрижон деган ҳаммаҳалла муаллима билан янги оила қурган эдилар.
Хайрижон оя (Намангон тарафларда муаллимани ўқувчилар “оя” деб аташади) илгаридан оиламизга кирди-чиқдиси бор, эски ўртоқ ва тартибли аёл бўлгани учун ота-болалик ўртасига асло раҳна тушгани йўқ. Ҳар ҳолда, ўша йилларга назар ташласам, “етимча” ёки “ўгай” сингари нохуш кайфият уйғотувчи сўзлар юрагимни тимдалаганини эслаёлмайман ҳали-ҳануз. Лекин бир яхши нарса доим ёдимда.
1940 йилнинг ёзи. Эндигина биринчи синфни битирган паллаларим. Поп туман халқ маорифи бўлимини бошқараётган отам шаҳарга тушган эканлар, кунларнинг бирида мени уйдан олдириб кетдилар. Хайрижон оя ҳам қўшилиб, қандайдир танишлариникида меҳмон бўлдик. Кечқурун Пушкин номли маданият ва истироҳат боғида электр нурига чўмилиб айландик. Музқаймоқ едик. Чойхонани обод қилган ҳофизларни оломон ҳалқасига қўшилиб тингладик. Сўнг аммамнинг уйларига бориб, айвонга жой қилиб қўйишган экан, ётдик.
Ўша вақтларда менинг бир чатоқ одатим бор эди: ёши улуғроқ киши билан орамиз яқин бўлиб қолса, тортинмай, “байти (яъни эртак) айтиб беринг” деб хархаша қилаверардим. Айтмаса, ҳол-жонига қўймасдим. Ўша куни ҳам уйқудан аввал Хайрижон оямдан эртак талаб қила бошладим. Бўйин товлашнинг ҳеч иложи қолмагач, у бечора :
— Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда, эли-юрти омонда Султоншоҳ деган бир подшо ўтган экан, — деб байтини бошлашга мажбур бўлди. — Подшоҳ ўз мулкини кўздан кечириб юрганида чарх йигириб ўтирган уч опа-сингилнинг суҳбатини тасодифан эшитиб қолибди. Биринчи қиз дебдики, “агар малика бўлиб қолсам, жаҳон аҳлига зиёфат қилиб берардим…” Ўртанча қиз айтибдики, “агар мен малика бўлиб қолсам, бутун дунё ҳалқига тўқиган газламаларимни сарпо қилиб берардим…” Навбат кенжа қизга етганда, у депти: “Мен малика бўлиб қолсам, шоҳ бузрукворимизга бир азамат ўғил туғиб берардим!”. Султоншоҳга кенжа қизнинг орзуси жуда ёқиб тушибди…
Гап гапга уланиб, қиз шоҳга ўғил туғиб бергани, лекин жодугарлар уни йўқ қилиш пайига тушгани ва она-болани денгизга отгани, ўшанда омад кулиб, денгиз тўлқини уларни соҳилга эсон-омон элтиб қўйгани ҳақидаги энг қизиқ жойларга етганда эртакчининг овози сўна бошлади. Мен туртиб, эртакнинг давомини талаб қилсам, Хайрижон оя чарчаганини, қолганини эса эртага айтиб беражагини тушунтирди.
Мен эрта уйғониб, яна кечаги ваъданинг вафосини сўрай бошладим, лекин, афсус :
-Эртак кечаси, қоронғида айтилади. Агар кундузи айтиладиган бўлса, эшитганнинг тиши тўкилиб, бошқа еридан ўсиб чиқиши мумкин, — деган жавобни олдим. Шунда ҳам, бари бир, бўш келавермаганимдан кейин, Хайрижон оям қўлимга қанчадир майда пул бериб, кеча меҳмон бўлган ҳовлимизнинг чап ёнида китоб дўкони борлигини айтди. Ўша ерга бориб, Пушкиннинг “Султоншоҳ ва унинг ўғли Гвидон ҳақида”ги китобини сотиб олишим кераклигини таъйинлади.
Бордим. Ҳозирги “Намангон” меҳмонхонасининг этагидаги муҳташам китоб кошонаси ўрнида ўша замонда торгина, пастаккина, нимқоронғи дўконча бор экан. Токчаларга кўз югуртиб, керакли китобни топдим ва пулини тўлаб, олдим. Ўз уйимизга келиб, онамга бир оз қарашгач, бир бурчакка тиқилиб, ўқишга киришдим. Вой-вуй, эртакни эшитиш бошқа экан-у, ўқиш бошқа экан, “Алифбе” бир дунё-ю, жиддий китоб бошқа олам экан: бир кун ҳижжаладим, бир неча вараққа зўрға тишим ўтди, икки-уч кун… Ниҳоят бир ҳафта-ўн кунда тезроқ ўқишнинг оройишини олиб, достоннинг поёнига етдим. Лекин чарчаб, бошим ғовлаб кетган эди. Яхшироқ тушуниш учун эртасигаёқ янгидан ўқишга тутиндим ва ҳангуманг бўлиб қолдим : бу улкан асар аслида бир кундаёқ ўқиб чиқса бўладиган нарса экан. Кейинроқ яна машқ қилган эдим, бир кунда уч марта ўқиб ташладим. Ўша-ўша, ўқиш менинг ҳаётдаги асосий машғулотим бўлиб қолди.
Ёзиш-чи ? Бу саволга жавоб беришим қийин. Лекин аниқ айтаманки, достондаги
Бочкада эса ботир
Соатлаб ўсаётир

деган сатрлар бир умр ёдимдан ўчмади. Сабаби шеърда оҳанг, қофия, ҳижо сингари хоссалар бўлиши ҳақидаги тасаввур менда ана шу икки сатрдан туғилган, яъни улар менга дастлабки амалий шеършунослик намунаси бўлган. Кўнглимга келган гапларни шеър қилиб айтишга рағбатлантирган нарса ҳам ўша бўлиши мумкин. Энди, эҳтимол, шунақа фикр уйғотгувчи гўзал таржима муаллифи ёдингдами, деб сўрар кимдир. Рост гап шуки, билмайман: мен достонни Пушкин ўзбек тилида ёзган деб қабул қилаверганман.
Попга эса урушнинг оғир кунларида вақти-вақти билан ўзим бориб туришимга тўғри келган: жуда толиқиб қолганда “заправка” қилгани: ҳар ҳолда бу ернинг дастурхони тўкинроқ эди, икки-уч кун туриб кетишимдан вайрон бўла қолмасди.
Навбатдаги боришларимдан бирида қарасам, ўчоқнинг чўғи йўқ, қозон — сувда. Отам иккимиз бир амаллаб қандайдир емак тайёрладик. Иш орасида, гапнинг боришидан билиб олдимки, Хайрижон оям навбатдаги даҳанаки жангдан кейин, аразлашиб, уйларига кетиб қолибдилар: ҳа, илгарироқ ҳам бир-икки марта шунақа ҳол бўлиб ўтган экан. Ҳозирги ўлчов билан айтганда, характерлари тўғри келмаганмикин… Эҳтимол фарзанд кўра қолмаганлари сабаб бўлгандир бунга. Дарҳақиқат, иккита кап-катта киши кенг уйда ўзи сўппайиб ўтираверса ғалат-да!
Намангонга тезгина қайтиб, бу ҳақда онамга ахборот бердим. Хабар у кишини бир оз ўйлантириб қўйди. Ўзлари ҳаракатчан инсон эдилар, сал ўтмай фаолликлари оша бошлади: айниқса, бу янгиликни қўшнилар билан ўртоқлашгандан кейин!
Ён қўшнимиз бўларди Равзахон деган. Ўғли Маҳмуджон билан синфдош эдик. Равзахоланинг қай бир жинялари Уйчи тарафлардан меҳмон бўлиб келган ва бир мунча муддат туриб қолган экан. Унинг икки-уч суҳбатини олганларидан кейин онам тараддудланиб қолдилар : менга ўқтин-ўқтин қош остидан боқиб, олдиларига ўтирғиздилар ва, ниҳоят, бир қарорга келгандай қатъий буюрдилар :
— Оёғингни қўлга ол-у, ўғлим, Попга жўна. Назировга айт, абам сизга янги уй бекаси топиб қўйдилар, деб: соғлом, ёш, юзи сутга чайқагандай, сочлари қалин! Исми ҳам ўзига ярашган – Муборакхон !!
Яна Попга равона бўлдим. Элчи сифатида мартабам баланд бўлса-да, тажрибам йўқлиги сабабли дудуқлана-дудуқлана, онамнинг оғзаки мактубларини отамга еткиздим ҳар ҳолда. Аввал кулгига қоламанми деб сал қўрққан эдим. Йўқ, отам гапларимни жиддий тингладилар. Анча ўйланиб ўтирганларидан кейин, оҳиста сўрадилар :
-У топганларинг сизларга яхши қарармикин? Агар сен билан Гаврҳархон қизимни хафа қилмайдиган бўлса, Турғунойга айт, менинг қаршилигим йўқ.
Бу янгиликни кўтариб, Намангонга етиб келдим. Онам мана энди ростакамига қайнаб-тоша бошладилар. Худди ўз қизларини узатаётгандай, қўшни аёллар билан тугун тартиблашга тушдилар, кийим-бошларини тўкислашга киришдилар. Муборакхон деганларининг ўзи ҳам бизникида бир-икки кўриниш берди: дарҳақиқат таърифлари тўғри экан – оппоққина, сочи қалин, ўрта бўйли аёл; менга катта кишилардай кўринди-ку, аслида ҳали йигирма беш ёшлар атрофида бўлиши мумкин эди.
Кўп ўтмай, мени қариндошларникида қолдириб, тугунларини кўтарганча, икковлон Поп сари йўл олишди. Бориб, Убайдулла опоғдадамнинг ҳовлиларига тушишибди. У ердагилар онамнинг мақсад ва режасини тушунгач, дарҳол ўйинга қўшилиб кетишибди. Уйдан тўй ҳиди кела бошлабди. Онам маҳалладаги эски қадрдонлари билан топишиб олганларидан сўнг гулхан ёқиб, чилдирма қиздириш муаммоси ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлган албатта….
Келин-куёвни бир-бирларига қандоқ юзлаштиришгани ҳақида аниқ тасаввурим йўқ: отам бирор баҳона топиб, опоғдадамнинг эшикларини тақиллатиб келганларми ё ЗАГС-пагсдами… Отамнинг ёшлари ўша пайтда эндигина 35 атрофида айланиб турган эди. Райкомнинг ташвиқот-тарғибот бўлими мудири – умрлари мажлисларда нутқ сўзлаб ўтарди. Келинчакка ҳам бирор ёқадиган лутф қилган бўлишлари мумкин. Лекин энг муҳими бошқа ёқда: таниқли бир раҳбар ходим оилани янгилаш учун келиндан ҳам аввал туман бошлиқларининг розилигини олиши мажбурий эди. Иш тез битишига қараганда, розилик бергувчиларнинг ҳар иккаласи ҳам ортиқча тихирлик қилмаганга ўхшайди.
Яна бир кишини ўйламай иложим йўқ. Хайрижон оя ҳозир яшаб турган ота уйи — Қамбаралибува ҳовлисининг эшиги кўчанинг қарама-қарши томонидаги менинг опоғдадам дарвозаларига юзма-юз турарди. Тўй куни шу дарвозадан бир гала аёллар, онам етагида, шарақ-шуруқ кулиб ёки “Ёр-ёр” айтиб чиқсалар-у, ёнларида келин билан, отам уйи сари йўл олсалар, Хайрижон оям кўнглидан нималар кечдийкин-у, ўзини қандоқ ҳис этдийкин ? Уни ҳам, менга ўхшаб, бирор қариндошникига жўнатиб юборилса, ёмон бўлмасди…
Онамнинг бу ижодлари сермаҳсул, янги оила пойдевори мустаҳкам чиқиб қолди. Муросада яшашди. “Сеники-меники” дейишганини эшитганим йўқ. Тез орада Намангондаги тўрт сингил ва бир укам қаторига Попда Мўътабархон, Санобархон деган сингиллар, Валижон, Тоҳиржон, Зокиржон деган инилар қўшилди. Ҳозир улар ҳам фарзанд ва неваралар кўриб, ёши тўқсонни қоралаб қолган оналарини парвариш қилув билан машғуллар.
2003 йили Попга ижодий ҳисобот билан борганимда майдонни тўлдириб ўтирган ҳамқишлоқларимга ёзган-чизганларим қаторида бундан 60 йил аввал қилган совчилигим ҳақида ҳам ҳикоя қилиб бердим. Муборак абам, қулоқлари сал оғирлашиб қолган экан, эшитдиларми – йўқми, билмайман, илжайиб қўйганларини кўрдим холос.
Менинг оғир-енгилим доимо онам Турғунойнинг елкаларида бўлди. Мен ҳам, хоҳ мактабда ўқиганимда, хоҳ қишлоқ ҳўжалик техникумига қатнаганимда қўлларидан тирикчилик юкини олишга ҳаракат қилдим. Стипендия ёки газета ва радиодан қалам ҳақи олсам, бузмасдан уйга келтириб берардим. Лекин, бола бўйи ўсиши билан бир қаторда, узоқларга назар ташлай бошлаши сабабли, у қачондир янги йўл бошига қадам қўядиган кун келиб қолиши мумкин экан.
1949 йил, 30 август. Соат 12. Техникумни битирганим ҳақидаги дипломимни узоқ арзу баҳслар билан қўлга олганимдан кейин, ҳаллослаб, уйга қайтдим: у йилларда автобус деган нарса расм бўлмаган эди ҳали. Сариқ клеёнка қопланган чамадончам бўларди. Нимдошроқ гимнастеркам билан дипломни солдим унга. Кейин қўлга олдим. Онам ҳайрон.
— Йўл бўлсин, ўғлим?
— Ўқишга. Тошкентга.
— Ўртоқларинг, ахир…
— Ўртоқларим ўша ёқда.
— Вой менгина… Ҳозир кетасанми?
— Ҳозир!
— Ҳой, тўхта, мастава тайёр, ичиб кет ҳеч бўлмаса!
— Йўқ, поездга кеч қоламан.
— Жуда иссиқмас, бир-икки ҳўплаб кет, — деб, қўлларида чинни коса билан ўчоқ бошидан қўзғолгунларича мен эшикдан чиқиб улгурган эдим. Онамнинг нолали овозлари ҳеч қулоғимдан кетмайди. Ўша нидо 1995 йилда ёзилган “Она навоси ” деган шеъримга кўчиб ўтганидан кейин ҳам, бари бир, томирларимда айланиб юргандай :

Кечалар узундир, кечалар узоқ,
Гоҳ кўзим илинмас тонг қадар, болам.
Кўнгил мавжларига солганда қулоқ,
Хаёлга не келиб, не кетар, болам.

Фарзанддир онанинг умрига гултож,
Дардига малҳам-у, бахтига йўлдош,
Ҳеч кимни этмасин ҳеч кимга муҳтож,
Миннат ёш жонингни оғритар, болам.

Майли, ўлтирмагин тун-кун бошимда,
Етар пайдо бўлсанг тез-тез қошимда,
Балки ризқинг бордир бир кафт ошимда,
Гап – сўзни айласам мухтасар, болам.

Гоҳ борсам уйингга ўзимдан ортиб
Яйрар набиралар сакрашиб, йўртиб,
Кўтарсам, қўлимдан олмагин тортиб,
Менга ҳам ярашар ғунчалар, болам.

Азиз умринг бўлиб шоҳона бир байт,
Қўшиқлар ичингдан тошиб кетган пайт
Арзингни менга ҳам тушунтириб айт,
Қолмайин дардингдан бехабар, болам.

Ўз инин ватан деб севаркан турна,
Сен ҳам ҳар заррасин кўзга эт сурма,
Ичмагин, чекмагин, бамаҳал юрма,
Бўлсин босган изинг бехатар, болам.

Хайр-хўш қилармиз бир кунмас-бир кун,
Тонгларим ҳуснини тўсганда ҳам тун,
Бахтингни кўрсам бас – мамнунман, мамнун,
Сен борки, бизлар ҳам мўътабар, болам.

Сатрлардаги дард ҳаётдан юққан, албатта: боғнинг ҳамма меваси ширин бўлавермайди, ахир! Сингилларим Гавҳархон оғир дардга чалинди, Мунаввархон мурғак фарзанди билан ёнғинда қолди, укам Муҳаммадхон “Гул байрами”дан қайтаётиб, велосипеди билан машинага урилди; уларни тупроққа топшириш она учун осонми?… Хайрият, бир ёнларида сингилларим Сарбархон ва Санобархон тургак эди, бир ёнларида – биз… Шундан кейин, бизникига бир келганларида, ота-оналаридан ягона мерос бўлиб қолган “Қуръон” китобини, “азманнишона” деб, арабшунос ўғлим Баҳромжонга совға қилиб кетдилар: эҳтимол янги авлодга раҳнамо ва паноҳ бўлсин деган ниятда, эҳтимол ушбу китобга кўз нурини тўкиб ўтиб кетганларни невара – чевараларга ҳам эслатиб туриши учун… Ҳа, айтганча, рафиқам Раҳбархон уй ишларини ҳалиям у киши билан гоҳ хаёлан, гоҳ тушларида маслаҳатлашиб юритади.

04.07.2006.