Шоир ҳақида

Шоир ва драматург Ҳусниддин Шарипов 1933 йил 10 февраль куни Поп шаҳрида туғилди, вилоят маркази Намангонда ўсиб-улғайди. Отаси Султон Назиров — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, онаси Турғуной Хўжаева ҳам муаллима. Ўзи эса иккинчи отаси Шарифжон Парпибоев қўли остида тарбия топди. Унинг «Навоий» деган дастлабки шеъри 1948 йил — қишлоқ хўжалик техникумида ўқиб юрганида босилди. «Ниҳол» номли биринчи шеърлар китоби эса 1956 йил — у қишлоқ хўжалик институтини битириб, ўрмон хўжалик идорасининг инженери бўлиб ишлаётганида нашр этилди. Уша йили вилоят «Намангон ҳақиқати» газетасига таклиф этилиб, адабий ходим, сўнг масъул котиб бўлиб ишлади. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг нашри «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий котиблик қила бошлагач, 1960 йилда Тошкентга кўчиб келди. 1962 йилдан бошлаб, узок муддат «Шарқ юлдузи» журнали шеърият бўлимига мудирлик қилди, таҳририят аъзоси бўлди. Бир неча йил уйда ижод билан шуғулланди. 1984 йилдан бошлаб, адабий маслаҳатчи сифатида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг таржима ва драматургия бўйича ишларини юритиб турди.

Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли — деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади. Олтмишинчи йилларда чиққан китобларини соддагина «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида», «Ернинг қалби» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968) деб атагани бежиз эмас, албатта. У ҳатто замонавий илм-фан ва саноат тараққиёти чўққисида туғилган космонавтика ютуқлари, фазокор парвозида ҳам пахтакоримиз қалб ҳарорати борлиги билан фахрланади.

Шоир узбек замонавий достончилиги ривожига жиддий ҳисса қўшди. Унинг ўн саккиз достонидан энг йириги бўлмиш «Бир савол» (1972) номли шеърий роман қаҳрамони Аброр йигирманчи йилларда гирром кишиларнинг қутқусига учиб гуноҳ қилган, Сибирга бадарға бўлган эсада, мамлакат бошига хатар қўнганида, унинг ҳимоясига барча тўсиқлардан ошиб етиб борган ҳалол инсондир. Жанг майдонларидан қайтгач, у ягона ўғлини излаб, чўлларни обод қилаётган деҳқонлар сафига киради. Афсус, ёши бир ерга борганида, фарзанд қабри устидан чиқади, холос. Аброр етмаган кунларга етиб, меҳнатда бахт насиб этган бригадир Сотволди эса («Сотволдидан салом», 1968) қувлиги ва чапдастлиги билан жаҳонда ўз ҳалол номини эҳтиёт қилиб келаётган ўзбек деҳқонларининг тимсоли дейиш мумкин. Ҳ. Шарипов яратувчилик мавзуини «Боғ кўча болалари» (1963), «Тановар» (1965), «Шоир ҳақида» (1967), «Қилмиш-қидирмиш» (1976), «Инсоф диёри» (1979), «Соҳиллар» (1986) каби достонларида изчиллик билан таҳлил эта боради.

Ҳусниддин Шарипов фаол ижодкор. Унинг етмишинчи йилларда чиққан «Лирика», «Достонлар» сингари шеърий тўпламлари қаторига саксонинчи йилларда «Ҳаяжонли дақиқалар», «Оҳ, гўзал», «Хирмон», «Яна висол» каби асарлари қўшилди, ўз эллик ёшини икки жилдлик «Сайланма» билан кутиб олди.

Шоир драматургия соҳасида ҳам мунтазам қалам тебратади: «Сени севаман» (1958), «Ота ўгли» (1964), «Афсона» (1975), «Чоллар ва кампирлар» (1979), «Ер истаб» (1993) каби пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилди. У фарзанд ва неваралари олдида ҳам «Укажонларимга» (1963), «Бу ёғи нима бўлади» (1973), «Чавандоз» (1974) сингари болаларбоп китоблари билан қарзини узиб қўйган.

Мустақиллик йиллари Ҳ. Шарипов учун гоят маҳсулдор бўлди. «Минг иккинчи кеча» (1992), «Қалтис юриш» (1999) достонлари, «Ёр истаб» (1993) шеърий китоби нашр этилди. «Онанинг кўнгли болада ёҳуд Тошкентча қўйди-чиқди» драмаси «Узбектеатр» эълон қилган танлов ғолиби бўлди. Худди ўша йили Мустақилликнинг X йиллигига бағишланган «Дўстим Тожиддин» номли ҳужжатли қиссаси босилиб чиқди. Айни вақтда Ўзбекистон Миллий академик театри эълон қилган танлов муносабати билан «Инсофнома» шеърий драмасини яратди.

Ҳусниддин Шарипов карийб ярим асрки, қўшиқ санъати билан ошно. Унинг қўшиқ ва шеърлари Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналарида мунтазам янграб туради. Шоир ҳарбий қўшиқлар (1996) ва «Ватан ҳимоясида» (2002) танловларининг ғолиби, Ҳусниддин Шарипов Ж. Лафонтен, И. Тургенев, У. Уитмен, В. Маяковский, Б. Брехт, П. Неруда, Р. Рождественский шеърларини ўзбекчага ўгирган бўлса, унинг «Всё тот-же я» («Ўша-ўша», 1970), «Привет от Сатвалды» («Сотволдидан салом», 1977), «Самое дорогое» («Энг азиз», 1980) каби китоблари Москва ва Тошкент нашриётларида рус тилида босилди, шеърлари урду, поляк, турк ва, қолаверса, барча қўшни қардошларимиз тилларига таржима қилинди. Ўзбекистоннинг кўпгина театрлари Р. Ҳамзатовнинг «Тоғ қизи», Б. Васильевнинг «Рўйхатларда йўқ» ва «Сокин тонглар», Ш. Раҳматуллиннинг «Ажал қувлаганда», Е. Юрандотнинг «Тўққизинчи покиза», В. Еськин ва К. Крикоряннинг «Кавказлик келин» пьесаларини Ҳ. Шарипов таржимасида саҳналаштирганлар.

Адабиётшунослар Ҳусниддин Шарипов ижодида ғазал ва оқ шеър, лирика ва ҳикоят, достон ва миниатюра, фалсафа ва лутф, қўшиқ ва чақириқ ёнма-ён яшаши ҳақида, қаҳрамонларининг халқона содда ва тагдор тили тўғрисида кўп ёзишган. Бу сифатлар Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1989 йили босиб чиқарган «Адабий портретлар» китобидаги профессор Озод Шарафиддиновнинг «Ҳусниддин Шарипов» сарлавҳали монографиясида айниқса тўла ва синчковлик билан таҳлил этилади.

Ҳ. Шарипов Узбекистан комсомоли мукофоти соҳиби (1977), « Ўзбекистон да хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига эга (1983). Мустақиллик йилларида «Мустақиллик» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Ҳусниддин Шариповга “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди.